Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Қаноатли бўлиш сирлари

Қаноатли бўлиш сирлари

Барчамиз — турмуш қургану қурмаганлар, ёшу қарилар ҳаётдан мамнун бўлиб яшашни истаймиз. Парвардигоримиз ҳам буни хоҳлайди. Шунинг учун, У бизга ажойиб маслаҳатлар берган.

Астойдил меҳнат қилинг

«Муҳтожларга бирор нарса бера олиши учун астойдил ишлаб, ўз қўллари билан меҳнат қилсин». (ЭФЕСЛИКЛАРГА 4:28)

Яратувчимиз ишга ижобий ёндашишимизни истайди. Нега? Сидқидилдан ишлайдиган инсон хурсандчилик ҳис қилади, чунки у ўзини ва оиласини таъминлай олади. Унинг ҳатто муҳтожларга ёрдам беришга қурби етади, ишхонасидаги хўжайини ҳам уни қадрлайди. Шунга тиришқоқ ишчи одатда ишини йўқотмайди. Муқаддас Ёзувларда бундай меҳнатнинг роҳатини кўриш «Худонинг инъоми», деб бежиз айтилмаган. (Воиз 3:13)

Ҳалол бўлинг

«Ҳар нарсада ҳалол бўлишни истаганимиз сабабли, виждонимиз пок эканига ишонамиз». (ИБРОНИЙЛАРГА 13:18)

Агар ҳалол ва инсофли бўлсак, ўзимизга бўлган ҳурматни ҳамда хотиржамликни сақлаймиз. Шунингдек, кечаси яхшироқ ухлаймиз. Бундан ташқари, бошқалар ҳам бизга ишониб, ҳурмат кўрсатишади. Инсофсиз кишилар эса ўзларини буларнинг баридан маҳрум қилишади. Қолаверса, улар виждон азобидан қийналишлари ва бир кун келиб қинғир ишлари фош бўлишидан қўрқиб яшашлари мумкин.

Пулга нисбатан мувозанатли нуқтаи назарда бўлинг

«Пулпарастликдан холи кун кечиринглар. Борига шукур қилинглар». (ИБРОНИЙЛАРГА 13:5)

Озиқ-овқат ва бошқа зарурий нарсаларни сотиб олиш учун бизга пул керак. Аммо «пулпарастлик» жуда хавфли, чунки пулпараст инсон аксарият вақтини ва кучини кўпроқ пул топишга сарфлайди. Оқибатда бу унинг никоҳига путур етказиши, фарзандлари билан ўтказадиган вақтини ўғирлаши ва ҳатто соғлигига зиён келтириши мумкин. (1 Тимўтийга 6:9, 10) Шунингдек, пулга ружу қўйган одам ёмон ишлар қилишга мойил бўлади. Бир доно инсон шундай деганди: «Садоқатли киши мўл-кўл барака топади, бойиб кетишга ошиққан эса гуноҳга ботади». (Ҳикматлар 28:20)

Энг яхши таълимни танланг

«Донолигу тафаккурдан айрилма». (ҲИКМАТЛАР 3:21)

Яхши таълим масъулиятли инсон ҳамда намунали ота-она бўлишимизга кўмаклашади. Аммо бундай таълимнинг ўзи ҳамиша фаровон ва бахтли яшашимизнинг гарови эмас. Ҳаётнинг ҳамма соҳаларида чинакамига муваффақиятли бўлиш учун биз Худо берадиган таълимга муҳтожмиз. Муқаддас Китобда айтилишича, Худога қулоқ солган инсон «барча ишларида муваффақиятга эришади». (Забур 1:1–3)