Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Оилавий ҳаёт ва дўстона муносабатлар

Оилавий ҳаёт ва дўстона муносабатлар

Кўпчиликка оилавий ва дўстона муносабатларни яхши сақлаш қийин кечади. Келинг, бошқалар билан яхши муносабатга эга бўлишга кўмаклашувчи Муқаддас Китобдаги баъзи принципларни кўриб чиқамиз.

ХУДБИН БЎЛМАНГ

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Нафақат ўзингизнинг, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзланглар». (Филиппиликларга 2:4)

БУ НИМАНИ АНГЛАТАДИ? Бошқалар бизга нима бера олишига эмас, балки биз уларга нима бера олишимизга эътибор қаратсак, атрофдагилар билан яхши муносабатларга эга бўламиз. Агар худбин истаклар бўйича йўл тутсангиз, бошқалар билан муносабатингизга путур етказасиз. Масалан, турмуш ўртоқлар фақат ўзи ҳақида ўйласа, бу бевафоликка сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, ҳеч ким бирор нарсаси ёки билимини кўз-кўз қиладиган инсон билан дўст тутинишни истамайди. Бир китобда айтилишича, «худбинлик кўпгина қайғули оқибатларга олиб келади». («The Road to Character»)

НИМА ҚИЛИШИНГИЗ МУМКИН?

  • Бошқаларга ёрдамлашинг. Яхши дўстлар бир-бирига ишониб, бажонидил ёрдам беради. Тадқиқотларга кўра, бошқаларга ёрдам қўлини чўзадиган инсонлар депрессияга камроқ чалинади ва ўз қадр-қимматини сақлай олади.

  • Ҳамдард бўлинг. Ҳамдардлик бу ўзга инсоннинг дардини юракдан ҳис қилишдир. Агар ҳамдардликни намоён этсангиз, бошқа инсонни атайин хафа қилиш мақсадида оғир ботадиган кесатиқ гапларни айтишдан ва киноя қилишдан қочасиз.

    Ҳамдардликни намоён этиш, шунингдек, бошқаларга нисбатан сабрли бўлишингизга ёрдам беради. Боз устига ҳамдардлик юзхотирчиликдан қочиб, келиб чиқиши ва маданияти турлича бўлган инсонлар билан дўстлашишга йўл очади.

  • Бошқалар билан вақт ўтказинг. Ўзгалар билан қанча кўп вақт ўтказсангиз, уларни шунча кўпроқ билиб оласиз. Бошқалар билан мазмунли суҳбатлар қуриш чин дўстлар орттиришга имконият яратади. Шунинг учун яхши тингловчи бўлинг. Дўстларингиз дуч келаётган муаммоларга самимий қизиқиш кўрсатинг. Сўнгги тадқиқотларга кўра, «мазмунли суҳбатлар туфайли инсон ўзини янада бахтли ҳис қилар экан».

ДЎСТЛАРНИ ДОНОЛИК ИЛА ТАНЛАНГ

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Ёмон одамлар билан мулоқот қилиш яхши хулқни бузади». (1 Коринфликларга 15:33)

БУ НИМАНИ АНГЛАТАДИ? Сиз бирга вақт ўтказадиган инсонлар сизга яхши ёки ёмон таъсир қилиши мумкин. Жамиятшуносларнинг фикрича, дўстлар инсон ҳаётининг кўпгина соҳаларига катта таъсир қилиши мумкин. Масалан, уларнинг айтишича, агар сиз тамаки чекадиган ёки ажрашган инсонлар орасида бўлсангиз, сизда ҳам тамаки чекишни бошлаш ёки ажрашиш истаги пайдо бўлиши ҳеч гап эмас.

НИМА ҚИЛИШИНГИЗ МУМКИН? Сизга ёқадиган ва сиз тақлид қилишни истайдиган фазилатлару қадриятларга эга инсонлар билан дўстлашинг. Масалан, хушмуомала, бошқаларни ҳурмат қиладиган, сахий ва меҳмондўст инсонлар билан мулоқот қилишга интилинг.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ БОШҚА ПРИНЦИПЛАР

Жуфтликлар, ўсмирлар ва болаларга ҳаётини яхшилашга ёрдам берувчи Муқаддас Китобга асосланган видеоларни томоша қилинг

ОҒИР БОТАДИГАН ГАПЛАРНИ АЙТИШДАН ҚОЧИНГ.

«Ўйламай айтилган гап қиличдай жароҳатлайди». (ҲИКМАТЛАР 12:18)

САХИЙ БЎЛИШГА ИНТИЛИНГ.

«Сахий инсон равнақ топади». (ҲИКМАТЛАР 11:25)

БОШҚАЛАРГА ЯХШИ МУНОСАБАТДА БЎЛИНГ.

«Хуллас, одамлар сизларга қандай муносабатда бўлишини хоҳласангиз, сизлар ҳам уларга шундай муносабатда бўлинглар». (МАТТО 7:12)