Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Амалга ошган башоратнинг безабон гувоҳи

Амалга ошган башоратнинг безабон гувоҳи

ИТАЛИЯ ПОЙТАХТИ РИМНИНГ МАРКАЗИДАГИ ЗАФАР АРКИ (АРКАСИ) БУТУН ДУНЁДАН КЕЛГАН САЁҲАТЧИЛАРНИ ЎЗИГА ЖАЛБ ҚИЛМОҚДА. БУ АРК РИМЛИКЛАРНИНГ СЕВИМЛИ ИМПЕРАТОРИ БЎЛМИШ ТИТНИ УЛУҒЛАМОҚДА.

Тит аркининг иккита катта барельефида машҳур тарихий воқеа тасвирланган. Гарчи кўпчиликка таниш бўлмаса-да, бу арк билан Муқаддас Китоб ўртасида ажойиб боғлиқлик бор: Титнинг арки Муқаддас Китобдаги бир башорат тафсилотларигача амалга ошганининг безабон гувоҳидир.

ҲУКМ ҚИЛИНГАН ШАҲАР

Милодий биринчи асрнинг бошларида Рим империяси Британия ва Галлиядан (ҳозирги Франция) тортиб то Мисргача бўлган ҳудудларни эгаллаб олган эди. Бу жойларда мислсиз барқарорлик ҳамда фаровонлик ҳукм сурарди. Аммо Рим қарамоғидаги битта олис ҳудуд унга доим муаммо орттирарди. Бу ҳеч тинчимайдиган Яҳудия вилояти эди.

Бир энциклопедияда шундай дейилган: «Рим бошқаруви остида Яҳудия сингари ҳар иккала томон бир-бирига тоқат қила олмайдиган ҳудудлар саноқли бўлган. Яҳудийлар уларнинг урф-одатларини назар-писанд қилмайдиган чет эллик хўжайинларидан норози эдилар. Яҳудийларнинг бўйин эгмагани римликларнинг нафратини кучайтирди». («Encyclopedia of Ancient Rome») Аксарият яҳудийлар бир етакчи пайдо бўлиб, уларни римликларнинг қўлидан қутқаришига ва Исроилда олтин даврни қайта тиклашига умид боғлашган. Бироқ милодий 33 йили Исо Масиҳ Қуддус тез орада ҳалокатга учраши ҳақида эълон қилган.

Исо пайғамбар қуйидагича башорат қилган: «Шундай кунлар келадики, душманларинг атрофингни ўткирланган ходалар билан қуршаб, сени ҳар тарафдан қамалга олишади. Улар сени ҳам, болаларингни ҳам ер билан яксон қилишади... Бу ерда тош устида тош қолмайди». (Луқо 19:43, 44)

Исонинг шогирдлари унинг мазкур сўзларини тушунолмай ҳайрон қолишган. Орадан икки кун ўтиб, шогирдлардан бири Қуддусдаги маъбадга маҳлиё бўлганча: «Устоз, бу чиройли тошлару иморатларга қаранг!» — деб айтган. Чиндан ҳам, маълумотларга кўра, айрим маъбад тошларининг узунлиги 11 метрни, эни 5 метрни, баландлиги 3 метрни ташкил этарди! Аммо Исо жавобан: «Шундай кунлар келадики, бу ерда кўриб турганингиздан тош устида тош қолмайди, ҳаммаси ер билан яксон бўлади»,— деган. (Марк 13:1; Луқо 21:6)

Исо гапини давом эттириб шундай деган: «Ҳарбийлар Қуддуснинг атрофида қароргоҳ қурганини кўрсангиз, билингларки, унинг вайрон бўлиши яқиндир. Ўшанда Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочсин, Қуддуснинг ичида бўлганлар ундан чиқиб кетсин, ташқарида бўлганлар эса унга кирмасин». (Луқо 21:20, 21) Унинг сўзлари амалга ошдими?

ШАҲАРНИНГ ВАЙРОН ЭТИЛИШИ

Мана 33 йил ўтди, лекин Яҳудия ҳали-ҳануз Рим ҳукумати бўйинтуриғи остида азоб чекаётганди. Буниси камлик қилганидай милодий 66 йили Яҳудияни бошқараётган Рим ҳокими Гессий Флор муқаддас маъбаднинг хазинасини қўлга киритади. Ғазабга минган яҳудийлар бунга ортиқ дош бера олмайди. Кўп ўтмай яҳудий жангчилар Қуддусда тўпланиб, маҳаллий Рим гарнизонидаги аскарларни қириб ташлайди ва Рим ҳукуматидан ажралиб мустақил бўлганини эълон қилади.

Тахминан уч ой ўтгач, 30 000 кишидан таркиб топган Рим қўшини Цестий Галл бошчилигида исённи бостириш учун Қуддусга юриш қилади. Римликлар бирпасда шаҳарни қуршаб олиб, маъбад жойлашган ташқи девор тагини ковлашади. Аммо кейин номаълум сабабларга кўра ортга чекинишади. Яҳудий исёнчилар хурсанд бўлиб, ўша заҳоти римликларнинг орқасидан қувишади. Рим аскарлари ва исёнчи яҳудийлар шаҳарни тарк этганида, масиҳийлар Исонинг огоҳлантиришига қулоқ солиб, Қуддусдан қочиб кетишади. Улар Иордан дарёсининг нариги томонида жойлашган тоғларда яширинишади. (Матто 24:15, 16)

Кейинги йили Рим қўшини генерал Веспасиан ва унинг ўғли Тит бошчилигида Яҳудияга яна юриш қилади. Бироқ кўп ўтмай, яъни милодий 68 йили император Нерон вафот этади. Шунда Веспасиан тахтга ўтириш мақсадида Римга қайтади. Ўғли Титни эса Яҳудияга қарши юришни давом эттириш учун 60 000 аскар билан қолдиради.

Милодий 70 йили июнь ойида Тит ўз аскарларига Яҳудия вилояти атрофидаги дарахтларни чопиб, Қуддус атрофини ўткирланган ходалар билан қуршаб олишни буюради. Ходалардан ясалган бу деворнинг узунлиги 7 километрни ташкил этарди. Сентябрь ойида эса Рим қўшини шаҳар ва маъбадни талон-торож қилиб ўт қўяди. Шу йўсин, Исонинг «бу ерда тош устида тош қолмайди» деган башорати амалга ошади. (Луқо 19:43, 44) Пухта ўтказилган ҳисоб-китобга кўра, «Қуддусда ва мамлакатнинг бошқа жойларида ҳалок бўлганларнинг сони 250 000–500 000 оралиғида бўлган».

ИМПЕРИЯНИНГ ҒАЛАБАСИ

Милодий 71 йили Тит Италияга қайтиб келганида, Рим фуқаролари уни тантанавор руҳда кутиб олишади. Бутун шаҳар аҳолиси пойтахтда уюштирилган тантанали намойишда иштирок этади. Бунақаси ҳали бўлмаганди.

Халойиқ Рим кўчаларидан олиб ўтилган беҳисоб хазиналарни кўриб ҳайратда қолган. Улар ўлжа қилиб олинган кемалар макетини, катта замбиллар устида намойиш этилаётган жанг саҳналарини ҳамда Қуддусдаги маъбаддан олиб келинган буюмларни томоша қилиб завқ олишган.

Милодий 79 йили Тит отаси Веспасиан ўрнига император бўлади. Аммо атиги икки йил ўтиб, Тит кутилмаганда ҳаётдан кўз юмади ва укаси Домициан тахтга ўтиради. У ўша заҳоти акаси Тит шарафига Зафар аркини барпо этади.

БУГУНГИ КУНДАГИ АРК

Титнинг арки, Рим

Ҳозир ҳам Титнинг арки ҳар йили Римга ташриф буюраётган юз минглаб одамларни ҳайратда қолдирмоқда. Баъзилар бу аркни бетакрор санъат асари деб билса, бошқалар Рим империясининг қудратига тан беради. Яна кимдир бу аркка Қуддус ва у ердаги маъбад вайрон бўлганини эслатувчи ёдгорлик сифатида қарайди.

Муқаддас Китобни синчковлик билан ўрганувчи кишилар учун Титнинг арки янада муҳимроқ аҳамиятга эга. Чунки бу арк Муқаддас Китоб башоратлари ишончли, аниқ ҳамда Худо томонидан илҳомлантирилганини тасдиқловчи безабон гувоҳдир. (2 Бутрус 1:19–21)