Асосий материалларга ўтиш

ИНТЕРВЬЮ | АНТОНИО ДЕЛЛА-ГАТТА

Нега руҳоний черковни тарк этди?

Нега руҳоний черковни тарк этди?

Антонио Делла-Гатта Римда 9 йил таҳсил олгач, 1969 йили руҳоний этиб тайинланган. Кейинчалик у Италиянинг Неаполь яқинидаги семинарияда ректор бўлиб ишлаган. Кўп изланиш ва мулоҳазалардан кейин у католик дини Муқаддас Китобга асосланмаганига амин бўлган. У нега черковни тарк этганлигини «Уйғонинг!» журналининг муҳбирига сўзлаб берди.

Илтимос, болалигингиз ҳақида айтиб беринг.

Мен 1943 йили Италияда туғилганман. Оиламиз билан кичкина бир қишлоқда яшардик. Дадам фермер ва дурадгор эдилар. Ота-онамиз бизни католик сифатида катта қилишган.

Нега руҳоний бўлишни истадингиз?

Ёшлигимдан черковдаги руҳонийларни тинглашни яхши кўрардим. Руҳонийларнинг жарангдор овозларидан ва черков маросимларидан лол қолардим. Шунинг учун руҳоний бўлишни истадим. 13 ёшимда онам мени интернат мактабга бердилар. У ерда ўғил болаларга келажакда руҳоний бўлиш учун таълим беришарди.

Сизларга Муқаддас Китобдан таълим беришармиди?

Йўқ. 15 ёшимда ўқитувчим менга Инжилни, яъни Исо Масиҳнинг ҳаёти ва хизмати ёзилган китобни берган эди ва мен уни бир неча марта ўқиб чиққанман. 18 га тўлганимда Рим папасининг измида бўлган папалар университетида таҳсил олиш учун Римга кетгандим. Мен у ерда лотин, юнон тилларини, шунингдек, тарих, фалсафа, психология ва теологияни ўргандим. Гарчи якшанба кунги маърузаларда оятларни ёддан айтиб, Муқаддас Китоб қироатини тинглаган бўлсак-да, аслида уни тадқиқ қилмасдик.

Сиз ректор бўлгансиз. Бу таълим бериш билан боғлиқми?

Асосан маъмурий ишлар билан шуғулланардим. Аммо иккинчи Ватикан кенгаши қарорлари билан боғлиқ дарсларда ҳам таълим берардим.

Нега черков таълимотларидан шубҳалана бошладингиз?

Чунки учта нарса мени ўйлантириб қўйганди. Биринчидан, черков сиёсатга аралашарди. Иккинчидан, руҳонийлар ва черков қавми орасидаги ахлоқсизликка кўз юмишарди. Учинчидан, католик черковининг айрим таълимотлари менга нотўғридек туюларди. Масалан, қандай қилиб севги Худоси ўлганларни абадий қийнаши мумкин? Ёки Худо биздан тасбеҳ айлантириб, ёдлаб олинган ибодатларни юз марталаб такрорлашни талаб қиладими? *

Хўш, кейин нима қилдингиз?

Худо менга йўл кўрсатишини сўраб, кўз ёшлар билан илтижо қилдим. Шунингдек, яқиндагина итальян тилида чоп этилган католикларнинг «Қуддус Муқаддас Китоби»ни харид қилиб, ўқишни бошладим. Бир сафар якшанба кунги ибодатдан кейин хизмат кийимларимни илиб қўяётганимда семинарияга иккита эркак кириб келди. Улар ўзларини Яҳованинг Шоҳидлари деб таништиришди ва улар билан бир соатдан кўп вақт мобайнида Муқаддас Китоб ҳамда ҳақ динни ажратиб турувчи белгилар ҳақида гаплашдик.

Улар сизда қандай таассурот қолдиришди?

Улар ишонч билан гапираётганини ва католик Муқаддас Китобидан моҳирона фойдаланишаётганини кўриб, ҳайрон қолгандим. Кейинчалик Марио исмли бошқа бир Яҳованинг Шоҳиди олдимга тез-тез келиб турарди. Об-ҳаво қандай бўлмасин, у сабр ва садоқат ила ҳар шанба эрталаб соат 9 да семинария эшигини тақиллатарди.

Унинг келишига бошқа руҳонийлар қандай қарарди?

Мен уларни муҳокамамизга қўшилишга таклиф қилгандим. Лекин уларнинг биттаси ҳам Муқаддас Китоб тадқиқига жиддий қарамади. Мен эса уни ўрганишдан завқ олардим. Муқаддас Китобдан мени ўйлантираётган саволларга жавоб топдим. Масалан, Худо нега азоб-уқубатларга чидаб келяпти?

Юқори мавқедаги руҳонийлар сизни Муқаддас Китоб тадқиқидан тўхтатмоқчи бўлишганми?

1975 йили нуқтаи назаримни тушунтириш учун бир неча маротаба Римга бордим. Юқори мартабадаги руҳонийлар фикримни ўзгартиришга ҳаракат қилишди. Лекин уларнинг ҳеч бири Муқаддас Китобга мурожаат қилишмади. Ва ниҳоят 1976 йили 9 январда Римга хат ёзиб, бундан буёғига ўзимни католик деб ҳисобламаслигимни маълум қилдим. Икки кундан кейин семинарияни тарк этдим ва поездга ўтириб, биринчи марта Яҳова Шоҳидларининг йиғилишида қатнашиш учун йўлга чиқдим. Лекин борсам анжуман бўлаётган экан ва у ерда бир нечта жамоат қатнашаётган эди. Ҳаммаси мен ўрганганимдан анча фарқ қиларди! Ҳар бир Шоҳиднинг қўлида Муқаддас Китоби бор эди ва маърузачилар турли мавзуларни муҳокама қилганда улар айтилган оятларни очиб, кузатишарди.

Оилангиз бунга қандай муносабат билдирган?

Оила аъзоларимнинг кўпи менга қаттиқ қаршилик кўрсатишган. Кейин билсам Италиянинг шимолидаги Ламбардияда яшаётган укам Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган экан. У билан кўришиш учун олдига бордим ва маҳаллий Шоҳидлар менга иш ҳамда турар жой топишга ёрдам беришди. Кейинроқ ўша йили мен сувга чўмиб, Яҳованинг Шоҳиди бўлдим.

Ва ниҳоят ўзимни чинакамига Худога яқин ҳис қиляпман

Қарорингиздан ҳеч афсусланганмисиз?

Сира ҳам. Ва ниҳоят ўзимни чинакамига Худога яқин ҳис қиляпман. Чунки У ҳақида билиб олганларим фалсафа ёки черков ақидаларига эмас, балки Муқаддас Китобга асосланган. Энди тўла ишонч ва самимият ила бошқаларга таълим бера оламан.

^ абз. 13 Муқаддас Китоб бу ва бошқа кўплаб саволларга аниқ жавоб бера олади. . МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ > МУҚАДДАС КИТОБГА АСОСЛАНГАН ЖАВОБЛАР сарлавҳасига қаранг.