Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Камроқ пул билан қай йўсин яшаш мумкин?

Камроқ пул билан қай йўсин яшаш мумкин?

 Иқтисодий муаммолар туфайли яшаш учун етарлича пул топиш қийин кечяптими? Пандемия, табиий офатлар, сиёсий нотинчликлар ва урушлар иқтисодий аҳволга дарров таъсир қилиши мумкин. Кутилмаганда ишсиз қолиш стресс туғдириши ҳеч гап эмас. Муқаддас Китобда амалий маслаҳатлар бор. Уларнинг ёрдамида ҳатто қўлимизда бор бўлган пул билан яшай оламиз.

1) Ўзгарган вазиятингизни қабул қилинг

 Муқаддас Китобдаги принцип: «Мен ҳам фаровонликда яшаш, ҳам муҳтожликда қолишнинг сирларини ўрганганман». (Филиппиликларга 4:12)

 Ҳатто аввалгига қараганда ҳозир пулингиз камроқ бўлса ҳам, бу янги шароитларга мослашишга ўргана оласиз. Бу вазиятни қанча тез қабул қилсангиз ва унга мослашсангиз, ўзингиз уни шунча тез енга оласиз ҳамда оила аъзоларингизга ҳам бунда ёрдам берган бўласиз.

 Сиз моддий тарафлама ёрдам олиш учун ҳукумат ёки бирон-бир муассаса томонидан бундай ёрдам тақдим этилишини суриштириб кўрсангиз бўлади. Дарров ҳаракат қилинг, сабаби одатда бундай муассасалар чегараланган одам сонига ёрдам беради.

2) Оилангиз билан ҳамкорлик қилинг

 Муқаддас Китобдаги принцип: «Маслаҳат бўлмаган жойда режалар барбод бўлади, маслаҳатчи кўп бўлса, улар амалга ошади». (Ҳикматлар 15:22)

 Вазиятни турмуш ўртоғингиз ва фарзандларингиз билан муҳокама қилинг. Яхши мулоқот оила аъзоларингизга, эҳтимол, киритилиши керак бўлган ўзгаришларни тушунишга ва сизни бунда қўллаб-қувватлашига ёрдам бериши мумкин. Оилангиздаги барча бир ёқадан бош чиқаришга ҳаракат қилса ва ортиқча харажатларнинг олдини олса, қўлингиздаги маблағ кўпроққа етади.

3) Бюджет тузинг

 Муқаддас Китобдаги принцип: «Ўтириб қанча харажат кетишини ҳисоблаб олинг». (Луқо 14:28)

 Кам пулга яшашга тўғри келганда, энг муҳими бор пулингиз нимага кетаётганини билишдир. Аввал ҳар ойга киримингизга қараб янги вазиятингиздан келиб чиққан ҳолда бюджет тузинг. Кейинчалик ҳатто ўзгартириш киритишингиз кераклигини билсангиз ҳам, ҳар ой сарфлайдиган каттаю кичик ҳаракатларингизни ёзиб қўйинг. Бундан ташқари, кутилмаган вазият ёки фавқулодда вазиятлар учун алоҳида пул ажратиб қўйинг.

 Маслаҳат. Пулни тақсимлаётганда майда-чуйда харажатларни ҳам унутманг. Ана шундай майда-чуйда нарсаларга қанча пул сарфлаётганингизни тушуниб, эҳтимол, ҳайрон қоларсиз. Мисол учун, бир киши ўз харажатларини тақсимлагач, ҳар йили сақич сотиб олиш учун бир неча юз доллар сарфлаётганини англади.

4) Қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқланг

 Муқаддас Китобдаги принцип: «Қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқланг». (Филиппиликларга 1:10)

 Киримингиз билан харажатларингизни таққосланг ва нималардан воз кечишни ёки нималарга камроқ пул сарфлашни аниқлаб олинг. Шунда, қўлингиздаги бор пул билан яшай олишингиз мумкин. Қуйидаги соҳаларни кўриб чиқинг:

  •   Транспорт харажатлари. Агар бир нечта машинангиз бўлса бирини сотарсиз. Агар қимматбаҳо машинангиз бўлса, уни оддийроғига алмаштира оларсиз? Балки машинанинг ўрнига жамоат транспортидан ёки велосипеддан фойдаланарсиз?

  •   Ўйин-кулги. Ҳеч бўлмаганда вақтинчаликка пулли каналлар учун обуналарингизни бекор қила оласизми? Бунинг ўрнига кам харажатли вариантларни излаб кўрарсиз. Масалан, бепул маҳаллий каналларни томоша қиларсиз ёки кутубхонага бориб китоблар ўқирсиз.

  •   Коммунал хизматлар. Оилангиз билан сувни, электр токини ва ёнилғини қандай тежаш мумкинлигини муҳокама қилинг. Чироқни ўчириб юриш ва чўмилиш учун ҳаддан ортиқ кўп вақт сарфламаслик муҳим эмасдек кўриниши мумкин. Аммо бу каби одатлар пулни тежашингизга кўмаклаша олади.

  •   Озиқ-овқат. Кафеларда ёки кўчада овқатланманг. Бунинг ўрнига уйингизда овқат тайёрланг. Олдиндан нима тайёрламоқчи эканингизни режалаштиринг. Қолаверса, иложи бўлса масаллиқларни кўп миқдорда сотиб олинг ва тайёрлаб қўйинг. Бундан ташқари, қолган овқатларни ташлаб юборманг. Дўконга борганингизда кераксиз нарсаларни харид қилмаслик учун нима сотиб олишни олдиндан ёзиб қўйинг. Мавсумга қараб мева-чева ёки сабзавотларни харид қилинг. Чунки улар одатда ўз мавсумида қиммат эмас. Фойдасиз озиқ-овқатни сотиб олманг. Эҳтимол, ўзингиз сабзавотларни экарсиз.

  •   Кийим-кечак. Моданинг орқасидан қувиш мақсадида эмас, балки эҳтиёж туғилганда кийим-кечак сотиб олинг. Мавсумий чегирмаларни ёки ишлатилган, аммо яхши ҳолатдаги нарсаларни излаб кўринг. Об-ҳаво ёки шароитингиз йўл қўйса, ювилган кийимларни қуёшда қуритиб олинг. Бу электр токини тежашга ёрдам беради.

  •   Қўшимча харидлар. Бирон нимани харид қилишдан олдин ўзингиздан: «Пулим бунга етадими? Бу менга ростдан ҳам керакми?» — деб сўраб кўринг. Эҳтимол, уй-рўзғор асбобларини, электрон қурилмаларини ёки транспорт воситаларини сотиб олишни ёки алмаштиришни кейинроққа қолдирарсиз. Шунингдек, сиз бошқа ишлатмаётган ёки сизга керак бўлмаган нарсаларни сотиб юборарсиз. Бундай йўл тутиш орқали ҳаётингиз соддалашади ва қўшимча пулингиз бўлади.

 Маслаҳат. Киримингиз тўсатдан камайиб кетса, бу зарарли ва қимматга тушадиган одатлардан халос бўлиш учун яна бир сабабдир. Масалан, тамаки чекишни, қимор ўйнашни ёки спиртли ичимликларни суиистеъмол қилишни тўхтатарсиз. Бундай ўзгаришлар нафақат чўнтагингизга фойда келтиради, балки ҳаётингиз яхшиланишига ҳам кўмаклашади.

5) Маънавий нарсаларга диққат қаратинг

 Муқаддас Китобдаги принцип: «Маънавий нарсаларга чанқоқ бўлганлар бахтлидир». (Матто 5:3)

 Муқаддас Китобда бу борада мувозанатли бўлишимизга кўмаклашадиган маслаҳат ёзилган. «Пул одамга ҳимоя берганидай, донолик ҳам уни ҳимоялайди. Аммо билим ва доноликнинг устунлиги шундаки, улар ўз соҳибининг ҳаётини сақлайди». (Воиз 7:12) Бундай доно маслаҳатларни Муқаддас Китобдан топишимиз мумкин. Кўп инсонлар уларни ҳаётида қўллаб, моддий нарсалар ҳақида ҳаддан ташқари ташвишланиш муаммосидан йироқлаша олди. (Матто 6:31, 32)