Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Озиқ-овқатни сақлашнинг ва соғлом овқатланишнинг еттита сири

Озиқ-овқатни сақлашнинг ва соғлом овқатланишнинг еттита сири

 Нималар ейишимиз нега муҳим?

 Соғлиғингиз қисман нима ейишингизга боғлиқ. Озиқ-овқатни тўғри сақлаб, соғлом овқатлансангиз, соғлигингизни яхшилай олишингиз мумкин. Сифатсиз ёнилғи туфайли машина билан носозликлар келиб чиққанидек, озиқ-овқатларни нотўғри сақласак ёки фойдали бўлмаган озиқ-овқатлардан истеъмол қилсак, бу жиддий соғлиқ муаммоларига олиб келади. Муаммолар шу заҳотиёқ пайдо бўлмаслиги мумкин, лекин бир кун келиб албатта юзага чиқади. (Галатияликларга 6:7)

 Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таъкидлашича, дунёдаги ҳар бир мамлакатда нотўғри овқатланишнинг бир ёки ундан кўпроқ тури кузатилади. Бу нафақат етарлича овқатланмасликни, балки ортиқча вазнга эга бўлишни ҳам ўз ичига олади. Тез-тез носоғлом еб-ичиш дастидан киши юрак касаллиги, инсульт, қандли диабет ва саратонга чалиниш хавфига йўлиқади. Бир тадқиқотга кўра, нотўғри овқатланиш биргина 2017 йилнинг ўзида камида 11 миллион одамнинг ўлимига сабаб бўлган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоботига кўра, айниган озиқ-овқат ҳар куни мингдан ошиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлади ва юз миллионлаб соғлиқ муаммоларига етаклайди.

 Муқаддас Китобдаги принциплар нега бу масалага жиддий ёндашишимиз кераклигини тушунишимизга кўмаклашяпти. Унга кўра, Аллоҳ ҳаёт манбаидир. (Забур 36:9) Ҳаёт ҳадядир, ўзимизу оиламиздагиларнинг соғлиғига ғамхўрлик қилиш орқали унинг қадрига етаётганимизни кўрсатамиз. Келинг, буни қандай қилишимиз мумкинлигини билиб олайлик.

 Озиқ-овқатни сақлашнинг тўртта сири

 1. Овқатни тўғри тайёрлаш.

 Нега бундай қилиш керак? Айниган озиқ-овқат ҳамда сувда зарарли микроблар a бўлади ва улар ичимизга кирганида, бизни касал қилиши мумкин.

 Соғлиқ соҳасидаги мутахассислар қуйидаги тавсияларни айтмоқда:

  •   Овқат тайёрлашдан аввал қўлларингизни совунлаб сув билан ювинг b. Қўлларингизни камида 20 сония давомида ишқаланг, қўл кафтларининг уст ва паст томонини, бармоқларингизнинг ора-чураларини ва тирноқ тагларини ҳам унутманг. Сўнг уларни чайиб, яхшилаб қуритинг.

  •   Тахтакачларни, идишларни ва озиқ-овқат учун ишлатиладиган ҳар қандай нарсани совун ва сув билан ювинг. Бундан ташқари, пишириладиган ва пиширилмайдиган озиқ-овқат учун алоҳида тахтакачлардан фойдаланинг.

  •   Барча мевалару сабзавотларни ювинг. Қолаверса, сиз яшайдиган ҳудудда улар ўғит билан суғорилса, уларни дезинфекцияланг.

 2. Хом ва пиширилган озиқ-овқатни алоҳида сақлаш.

 Нега бундай қилиш керак? Хом озиқ-овқат маҳсулотларидаги, масалан, гўшт ва унинг сувларидаги микроблар бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини ифлослайди.

 Соғлиқ соҳасидаги мутахассислар қуйидаги тавсияларни айтмоқда:

  •   Бозордан келаётганда ёки озиқ-овқатларни жойлаштираётганда, хом озиқ-овқатни, айниқса, гўштларни тайёридан ажратиб қўйинг.

  •   Бошқа озиқ-овқатни тўғрашдан олдин, қўлингизни, пичоқни ва тахтакачни яхшилаб ювинг.

 3. Пиширмоқчи бўлган маҳсулотлар яхшилаб пишганига амин бўлиш.

 Нега бундай қилиш керак? Озиқ-овқатлар етарлича юқори ҳароратда пиширилсагина, зарарли микроблар ўлади.

 Соғлиқ соҳасидаги мутахассислар қуйидаги тавсияларни айтмоқда:

  •   Озиқ-овқатни юқори ҳароратда тайёрланг. Овқат, жумладан, гўшт пишиши учун Цельсий бўйича 70 даражада камида 30 сония давомида тайёрланиши лозим.

  •   Суюқ таомларни қайнатинг.

  •   Олдин тайёрланган овқатни емоқчи бўлсангиз, уни иссиқ ва буғ чиқадиган ҳолатгача иситинг.

 4. Озиқ-овқатни етарлича ҳароратда сақлаш.

 Нега бундай қилиш керак? Агар озиқ-овқат Цельсий бўйича 5 дан 60 даража ҳароратда сақланса, атиги 20 дақиқа ичида ундаги бактерия сони икки мартага кўпаяди. Устига-устак, хом гўшт тўғри ҳароратда сақланмаса, баъзи бактериялар заҳарли моддалар чиқариши мумкин ва улар ҳатто гўшт пиширилганида ҳам йўқ бўлиб кетмайди.

 Соғлиқ соҳасидаги мутахассислар қуйидаги тавсияларни айтмоқда:

  •   Озиқ-овқатни иссиқ ёки совуқ ҳолда сақлаш лозим; илиқ бўлмаслиги керак. Шунда, микробларнинг кўпайиш жараёни секинлашади ёки ҳатто тўхтайди.

  •   Ҳеч қачон озиқ-овқатни хона ҳароратида 2 соатдан ошиқ вақтга қолдирманг ёки хона ҳарорати Цельсий бўйича 32 даражадан юқори бўлса, уни бир соатдан ошиқроқ вақтга қолдирманг.

  •   Овқат тайёр бўлгач, уни сузишдан аввал иссиқ ҳолатда сақланг.

 Соғлом овқатланишнинг учта сири

 1. Ҳар куни турли мева ва сабзавотларни истеъмол қилинг.

 Мева ҳамда сабзавотлар яхши соғлиқ учун керак бўладиган витамин, минерал ва бошқа муҳим моддаларнинг асосий манбаидир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумот беришича, танамиз ҳар куни камида беш хил мева ва сабзавотга муҳтож. Таркибига крахмал кирган сабзавотлар, масалан, картошка бундан истисно.

 2. Ёғ ва мойларни меъёрида истеъмол қилинг.

 Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига кўра, қовурилган, ярим тайёр ва консерваланган ёки сифати паст маҳсулотлардан тайёрланган озиқ-овқатларни истеъмол қилишни чегаралашингиз лозим. Чунки уларда кўпинча соғлиқ учун зарарли ёғлар бор. Иложи бўлса, тўйинмаган ўсимлик мойларидан фойдаланинг c. Бу мойлар тўйинган ёғларга қараганда анча фойдалироқ.

 3. Туз ва шакарни камроқ истеъмол қилинг.

 Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ёши катта кишиларга кунига бир чой қошиқдан камроқ туз истеъмол қилишни тавсия қилади. Шунингдек, кунига 12 чой қошиқдан камроқ табиий шакар истеъмол қилишни тавсия этмоқда d. Шакар кўп ярим тайёр ва консерва қилинган озиқ-овқат ва ичимликлар таркибига кирувчи асосий маҳсулот ҳисобланади. Масалан, 355 миллилитрли салқин ичимликда, ўртача ҳисобда 10 чой қошиққача шакар бўлади. Салқин ичимликларда кўп калория бўлишига қарамай, улар кам фойдали ёки умуман фойдасиз.

 Муқаддас Китобда шундай деб айтилган: «Заковатли инсон хавфни кўриб яширинади, тажрибасиз эса олға қадам босиб жазосини тортади». (Ҳикматлар 22:3) Озиқ-овқат масаласида заковатли инсондай йўл тутсангиз ва керакли ҳар қандай ўзгаришни киритсангиз, ҳаёт ва соғлиқ учун Худодан миннатдор эканингизни кўрсатасиз.

 Кенг тарқалган нотўғри тушунчалар

 Нотўғри тушунча: озиқ-овқатнинг кўриниши, ҳиди ва таъми яхши бўлса, уни ейиш мумкин.

 Факт: бир литр сувни хира қилиш учун 10 миллиарддан зиёд бактерия етарли бўлади, аммо атиги 15 тадан 20 тагача хавфли бактерия сизни касал қилиши мумкин. Озиқ-овқат ва ичимлик хавфсиз эканига амин бўлиш учун, уларни тайёрлаш, истеъмол қилиш ва сақлаш учун тавсия этилган ҳарорат ҳамда вақт давомийлигига амал қилинг.

 Нотўғри тушунча: пашшаларнинг озиқ-овқатга зарари йўқ.

 Факт: пашшалар ахлат, масалан, гўнг билан озиқланади ва ўша ерда кўпаяди. Шу боис, улар оёқларида касаллик қўзғатувчи миллионлаб микробларни ташиб юради. Тайёр овқатни пашша ифлосламаслиги учун унинг устини бутунлай ёпинг.

 Нотўғри тушунча: узоқ вақтдан бери носоғлом овқатларни еб юраман, шунинг учун ўзгаришлар киритишимнинг фойдаси йўқ.

 Факт: тадқиқотчиларнинг айтишича, ҳозирдан соғлом овқатлансангиз, ҳаётдан барвақт кўз юмиш хавфи камаяди ва кўпроқ тўғри овқатланганингиз сайин бунинг афзал томонларини кўрасиз.

a Микроблар, яъни микроорганизмлар шунчалик кичкинаки, уларни оддий кўз билан кўришнинг имкони йўқ. Улар қаторига бактерия, вирус ва паразитлар киради. Тўғри, баъзи микроорганизмлар фойдали, бироқ зарарлилари бизга зиён етказиши, ҳаттоки ўлдириши мумкин.

b Совун билан сув кўпроқ микробларни ўлдиради.

c Тўйинмаган ёғлар хона ҳароратида қаттиқ эмас, балки суюқ ҳолатда бўлади.

d Табиий шакар тўйинган ва қайта ишланган шакарни, масалан, оддий оқ шакар, асал, сироп ва мева шарбатларини ўз ичига олади. Меваю сабзавотлардаги ва сутдаги шакар бунга кирмайди.