Асосий материалларга ўтиш

ТАСОДИФМИ ЁКИ ИЖОД МАҲСУЛИМИ?

Гринданинг ўзини-ўзи тозалайдиган териси

Гринданинг ўзини-ўзи тозалайдиган териси

 Кемаларнинг тагини қоплаб оладиган мўйловоёқлилар оиласига мансуб қисқичбақа ва денгиздаги бошқа тирик организмлар денгизчилар ҳамда кема механиклари учун ўзгача бир муаммо туғдиради. Улар дастидан кеманинг таги ифлосланади ва унинг тезлиги секинлашади, ёқилғи сарф қилиниши ортади. Шунингдек, бу туфайли кема икки-уч йилда бир марта тозаланиши учун кемалар устахонасига (докка) юборилади. Бунинг ечимини топиш мақсадида олимлар табиатга назар солишмоқда.

 Ўйлаб кўринг. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, дельфинлар туркумига мансуб оддий гринданинг (Globicephala melas) териси ўзини-ўзи тозалаш хусусиятига эга экан. Унинг териси ниҳоятда майда қатлардан иборат ва уларнинг ҳажми жуда ҳам кичик бўлгани боис мўйловоёқлилар оиласига мансуб личинкалар (ғумбаклар) уни қоплай олмайди. Ушбу қатлар орасида ўзгача суюқлик бор бўлиб, сув ўсимликлари ва бактериялар учун зарарли. Гринданинг териси янгиланганда эса суюқлик ҳам янгиланади.

 Олимларнинг фикрича, гринданинг ўзини-ўзи тозалаш хусусиятига тақлид қилиб, уни кеманинг тагини тозалаш жараёнида қўллаш мумкин. Илгари кемалар таги махсус бўёқлар билан бўяларди. Аммо бундай бўёқларнинг баъзи турлари яқинда ман этилди, чунки улар денгиздаги организмлар учун заҳарли деб топилди. Олимлар кеманинг тагига металл тўрни ўрнатишни тавсия қилмоқда. У биосфера учун хавфсиз бўлган кимёвий модда чиқарадиган кўпгина тешикларни қоплаб туради. Бу модда денгиз суви билан аралашганда, қўйиқлашади, натижада, кеманинг таги «тер» билан қопланади. Вақт ўтгач, қалинлиги деярли 0,7 миллиметр бўлган бу «тер» эскириб, кема тагига ёпишиб олишга улгурган организмлар билан бирга кўчиб тушади. Кейин эса кеманинг таги қайта янги «тер» билан қопланади.

Мўйловоёқлилар оиласига мансуб қисқичбақалар кеманинг тезлигини секинлаштиради; улардан қутулиш қийин

 Лабораторияда ўтказилган машғулотлар шуни кўрсатдики, бу туфайли кемалар таги ифлосланишини юз баробарга камайтириш мумкин. Кемалар компаниялари учун бу даромадли ютуқ, чунки кемани устахонада тозалаш анчагина қимматга тушади.

 Нима деб ўйлайсиз? Гринданинг териси эволюция натижасида пайдо бўлганми? Ёки ижод маҳсулими?