Асосий материалларга ўтиш

ОИЛА УЧУН ЁРДАМ

Нуқтаи назар ҳар хил бўлганда

Нуқтаи назар ҳар хил бўлганда

Турмуш ўртоқлар ҳар хил қизиқишлар, одатлар ва феъл-атворга эга экани оилавий ҳаётда қийинчиликлар туғдириши эҳтимолдан йироқ эмас. Аммо баъзи масалалар ундан-да кўпроқ келишмовчиликларга сабаб бўлиши мумкин. Мисол учун:

  • Қариндошларга қанча вақт ажратиш

  • Пулни тўғри сарфлаш

  • Бола кўриш-кўрмаслик

Жуфти ҳалолингизнинг нуқтаи назари бошқача бўлса, нима қила оласиз?

 Нимани билишингиз керак?

Одамлар бир-бирига мос келиши улар бир хил эканини англатмайди. Ҳатто бир-бирига узукка кўз қўйгандай мос тушган эру хотинлар қайсидир масалага, гарчи у жуда жиддий бўлса ҳам, бошқача қарашлари мумкин.

«Мен қариндош-уруғчилик ришталари кучли бўлган оилада ўсганман. Дам олиш кунлари бобо-бувиларим, тоға-амакиларим, амма-холаларим ва амакиваччаларим билан бирга вақт ўтказардик. Эримнинг оиласида эса ундай бўлмаган. Шунга оила аъзоларимиз билан қанча вақт ўтказиш ёки узоқда яшайдиган қариндошлар билан суҳбатлашишга қанча вақт сарфлаш кераклиги борасида нуқтаи назаримиз ҳар хил». (Тамара)

«Рафиқам ва мен пулни қандай сарфлаш лозимлигига ҳар хил қараймиз. Бу туфайли турмушимизнинг илк ойлари рафиқам билан онда-сонда тортишиб турардик. Муросага келиш учун бир неча марта суҳбатлашишга тўғри келганди». (Тилер)

Иккита инсон битта манзарага ҳар хил қараши мумкин. Шунга ўхшаб, жуфтлик ҳам битта масалага ҳар хил нуқтаи назарда бўлиши мумкин

Айрим муаммолар шунчаки муроса билан ҳал бўлмайди. Масалан, эр ёки хотиннинг қариндоши касал бўлиб, парваришга муҳтож бўлиб қолса-чи? Ёки турмуш ўртоқлардан бири фарзанд кўришни хоҳласа, бошқаси эса хоҳламаса-чи? a

«Хотиним билан болали бўлиш борасида бир неча марта суҳбатлашгандик. Аммо у бу ҳақда ўйлагани сари нуқтаи назаримиз фарқ қилиб боряпти. Муросага келиш қийин бўляпти». (Алекс)

Эр-хотиннинг нуқтаи назари ҳар хил бўлгани турмушни барбод қилишини англатмайди. Баъзи олимларнинг фикрича, агар турмуш ўртоқлар жиддий масалада бир тўхтамга келишмаса, хоҳлаган нарсаларига эришиш учун нима керак бўлса, ҳатто ажрашишгача борса ҳам, шуни қилиш керак. Аммо муаммони шу тарзда ечсангиз, жуфти ҳалолингизга нима бўлган тақдирда ҳам боғланиб қолиш ҳақидаги Худо олдида берган ваъдангизни унутиб, кўпроқ ҳис-туйғуларингизга эътибор қаратган бўласиз.

 Нима қила оласиз?

Никоҳ аҳдига содиқ қолишга қатъий қарор қилинг. Агар шундай йўл тутсангиз, муаммоларингизни ечишга рақиблар каби эмас, бир жамоа сифатида ёндаша оласиз.

Муқаддас Китобдаги принцип: «Аллоҳ бирга қўшганини бандаси ажратмасин». (Матто 19:6)

Ҳаражатларни ҳисоблаб олинг. Айтайлик, турмуш ўртоқлардан бири фарзанд кўришни истаяпти, иккинчиси эса йўқ. Бу учун қуйидаги бир нечта омилни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўларди:

  • Никоҳингиз қанчалик мустаҳкам

    Никоҳингиз фарзандни катта қилишдек қўшимча стрессни бошдан ўтказишга тайёрми?

  • Ота-оналик масъулияти

    Фарзандни катта қилиш озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошпана билан таъминлашдан кўпроқ нарсани ўз ичига олади.

  • Моддий аҳволингиз

    Иш, оила ва бошқа вазифаларни бир маромда олиб боришга қийналмайсизми?

Муқаддас Китобдаги принцип: «Орангиздан кимдир иморат қурмоқчи бўлса,.. аввалига ўтириб қанча харажат кетишини ҳисоблаб олмайдими?» (Луқо 14:28)

Масалани атрофлича кўриб чиқинг. Эҳтимол, нуқтаи назарингиз фарқ қилган айрим масалаларда бир тўхтамга келишга муваффақ бўларсиз. Мисол учун, агар бола кўриш масаласини олсак, бунга қарши бўлган эр ёки хотин ўзига шундай саволлар бериши мумкин:

  • «Мен фарзанд кўришни хоҳламайман, деб айтганимда, умуман хоҳламаётганимни назарда тутяпманми ёки ҳозирчами

  • «Мен яхши ота ёки она бўла олишимдан шубҳаланаётганим учун бунга рози бўлмаяпманми?»

  • «Турмуш ўртоғим менга аҳамият бермай қолади, деб қўрқяпманми?»

Бошқа томондан, болали бўлишни истаётган эр ёки хотин ўзига шундай саволлар бериши мумкин:

  • «Ота-оналик вазифаларини бажаришга тайёрмизми?»

  • «Фарзандни катта қилиш билан боғлиқ ҳаражатларни қоплай оламизми?»

Муқаддас Китобдаги принцип: «Юқоридан тушган донолик... мулоҳазалидир». (Ёқуб 3:17)

Турмуш ўртоғингизнинг нуқтаи назарига ижобий қарашга ҳаракат қилинг. Иккита инсон битта манзарага ҳар хил қараши мумкин. Шунга ўхшаб, жуфтлик ҳам битта масалага, мисол учун, пулни қандай сарфлаш кераклигига нисбатан ҳар хил нуқтаи назарда бўлиши мумкин. Агар фикрларингиз фарқ қилган қандайдир масалани ҳал қилмоқчи бўлсангиз, аввал фикрларингиз тўғри келган томонларини муҳокама қилишдан бошланг.

  • Умумий мақсадингиз қандай?

  • Ҳар бир нуқтаи назарнинг қандай афзал томонлари бор?

  • Никоҳингизни сақлаб қолиш учун сизлардан биттангиз ёки иккалангиз фикрингизни ўзгартириб, ён бера оласизми?

Муқаддас Китобдаги принцип: «Ҳар ким ўзининг эмас, ўзганинг манфаатини кўзласин». (1 Коринфликларга 10:24)

a Жиддий масалалар турмуш қуришдан олдин муҳокама қилиниши даркор. Лекин кутилмаган вазиятлар юзага келиши ёки турмуш ўртоқлардан бирининг ҳис-туйғулари вақт ўтиб ўзгариши мумкин. (Воиз 9:11)