Асосий материалларга ўтиш

Буюк мусибат нима дегани?

Буюк мусибат нима дегани?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Буюк мусибат пайтида инсоният бошига мисли кўрилмаган қийинчиликлар тушади. Муқаддас Китоб башоратига кўра, бу «охирзамонда» юз беради. (2 Тимўтийга 3:1; Дониёр 12:4) Бу «шунақанги мусибат бўладики, Худо дунёни яратганидан бери бунақаси ҳали бўлмаган, бундан кейин ҳам бўлмайди». (Марк 13:19; Дониёр 12:1; Матто 24:21, 22)

Буюк мусибат пайтида юз берадиган воқеалар

  •   Сохта дин йўқ қилинади. Сохта дин ҳайратомуз тезлик билан йўқ қилинади. (Ваҳий 17:1, 5; 18:9, 10, 21) Сиёсий кучларнинг тимсоли бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти буни амалга ошириб, Худонинг иродасини бажаради. (Ваҳий 17:3, 15–18) a

  •   Ҳақ динга ҳужум қилинади. Ҳизқиё пайғамбар олган ваҳийда «Магўг юртидаги Гўг» сифатида тасвирланган халқлар иттифоқи ҳақ динда бўлганларни йўқ қилишга уринади. Бироқ Худо ўз хизматчиларини бу ҳалокатдан қутқариб қолади. (Ҳизқиё 38:1, 2, 9–12, 18–23)

  •   Ер юзи аҳолиси ҳукм қилинади. Исо Масиҳ барча инсонларни ҳукм қилиб, «худди чўпон қўйларни эчкилардан ажратгандек, одамларни бир-биридан ажратади». (Матто 25:31–33) Ҳар бир инсонга Исонинг «биродарларини», яъни у билан самода бошқарадиган кишиларни қўллаб-қувватлагани ёки қўллаб-қувватламаганига қараб ҳукм чиқарилади. (Матто 25:34–46)

  •   Самовий Шоҳликда бошқарадиган кишилар йиғилади. Масиҳ билан бошқариш учун танланган садоқатли кишилар ер юзидаги ҳаётини тугатиб, самовий ҳаёт учун тирилишади. (Матто 24:31; 1 Коринфликларга 15:50–53; 1 Салоникаликларга 4:15–17)

  •   Армагеддон. «Қодир Аллоҳнинг улуғ кунида юз берадиган» бу жанг «Яҳованинг куни» деб ҳам аталган. (Ваҳий 16:14, 16; Ишаё 13:9; 2 Бутрус 3:12) Ушбу жангда Исо Масиҳ томонидан маҳкум этилганлар йўқ қилинади. (Зафаниё 1:18; 2 Салоникаликларга 1:6–10) Йўқ қилинадиганлар орасида Муқаддас Китобда етти бошли йиртқич ҳайвон сифатида тасвирланган бутун дунёнинг сиёсий тузуми ҳам бўлади. (Ваҳий 19:19–21)

Буюк мусибатдан кейин юз берадиган воқеалар

  •   Шайтон ва жинлар тубсизликка қамаб қўйилади. Буюк фаришта Шайтонни ва жинларни «тубсизликка» ташлайди. У ерда улар гўё ўлим ҳолатида бўлгандай, ҳеч қандай фаолият юрита олишмайди. (Ваҳий 20:1–3) Шайтоннинг тубсизликдаги ҳолатини қамоқда ўтирган маҳбуснинг ҳолатига ўхшатса бўлади. У ҳеч кимга ҳеч қандай таъсир ўтказа олмайди. (Ваҳий 20:7)

  •   Масиҳнинг минг йиллик бошқаруви. Худо Шоҳлигининг 1 000 йиллик бошқаруви инсониятга улкан баракалар келтиради. (Ваҳий 5:9, 10; 20:4, 6) Саноғига етиб бўлмайдиган «улкан оломон» «буюк мусибатдан чиқиб» келади, яъни ундан омон қолади. Улар Масиҳ ер юзи устидан минг йил давомида бошқаришини ўз кўзлари билан кўради. (Ваҳий 7:9, 14; Забур 37:9–11)

a Ваҳий китобида сохта дин Буюк Бобил ёки «буюк фоҳиша» сифатида тасвирланган. (Ваҳий 17:1, 5) Буюк Бобилни йўқ қиладиган тўқ қизил йиртқич ҳайвон халқаро ташкилотни тасвирлайди. Бу ташкилотнинг мақсади — дунё халқларини бирлаштириб, уларнинг вакили бўлиш. Аввалига у Миллатлар Иттифоқи сифатида мавжуд бўлган, ҳозир эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти деб аталади.