Асосий материалларга ўтиш

Нима учун Холокост юз берди? Нега Худо буни тўхтатмади?

Нима учун Холокост юз берди? Нега Худо буни тўхтатмади?

 Бу саволларни кўпинча яқинини Холокостда йўқотган инсонлар беришади. Улар нафақат саволларига жавоб топишни, балки тасалли олишни ҳам исташади. Бошқалар эса Холокостни ўтакетган ваҳшийлик деб билишади ва бунинг дастидан улар Худога ишонишмайди.

Худо ва оммавий қирғин борасидаги нотўғри фикрлар

Нотўғри фикр: «Худо нега бундай оммавий қирғин бўлишига йўл қўйди?» деб сўраш мумкин эмас.

 Тўғри фикр: кучли имонга эга бўлган инсонлар ҳам Худо нега ёвузликка йўл қўяётгани ҳақида сўрашдан қўрқишмаган. Масалан, Ҳабаққуқ пайғамбар Худодан: «Нега ёмонликни кўришимга йўл қўйяпсан? Нега жабр-зулмга чидаб турибсан? Нима учун вайронагарчилигу зўравонлик содир бўляпти?» — деб сўраган. (Хабаққуқ 1:3) Худо бу учун уни ҳукм қилмаган, аксинча, Ҳабаққуқнинг сўзлари Муқаддас Китобда ёзиб қолдирилишига ғамхўрлик қилган. Бу туфайли эса барчамиз уларни ўқий оламиз.

Нотўғри фикр: Худо одамларнинг азоб-уқубатларига бефарқ.

 Тўғри фикр: Худо ёвузлик ва у келтирадиган азоб-уқубатлардан нафратланади. (Ҳикматлар 6:16–19) Нуҳнинг даврида Худо ер юзида одамлар қабиҳликка ботиб кетганини кўриб, «қалби эзилган». (Ибтидо 6:5, 6) Шубҳасизки, оммавий қирғин ҳам Худонинг қалбини қон қилган. (Малаки 3:6)

Нотўғри фикр: Холокост Худо томонидан яҳудийларга юборилган жазо.

 Тўғри фикр: биринчи асрда римликлар Қуддусни вайрон қилишига Худо йўл қўйган. (Матто 23:37–24:2) Аммо ўшандан бери Худо муайян бир ирққа марҳаматини кўрсатиш ёки жазолаш учун уни бошқа ирқлардан ажратиб қўймайди. Чунки Худонинг назарида «Яҳудий ва юнон орасида ҳеч қандай фарқ йўқ». (Римликларга 10:12)

Нотўғри фикр: агар севувчи ва қудратли Худо мавжуд бўлганида, У Холокостнинг олдини олган бўларди.

 Тўғри фикр: Худо азоб-уқубатларимизнинг сабабчиси бўлмаса-да, баъзида улар вақтинчалик юз беришига йўл қўяди. (Ёқуб 1:13; 5:11)

Нега Худо Холокостга йўл қўйди?

 Анча аввал кўтарилган мунозарали масалани ҳал қилиш мақсадида Худо Холокост ва бошқа барча азоб-уқубатларга йўл қўймоқда. Муқаддас Китобдан аниқ-равшан кўриниб турибдики, бугунги дунёни Худо эмас, Иблис бошқармоқда. (Луқо 4:1, 2, 6; Юҳанно 12:31) Муқаддас Китобдаги иккита фикр Худо нега Холокостга йўл қўйганини тушунишимизга кўмаклашади.

  1.   Худо инсонларни ирода эркинлиги билан яратган. Худо илк жуфтлик Одамато ва Момоҳавога улардан нима кутилишини тушунтирди, аммо бўйсунишга мажбурламади. Улар эса нима яхши ва нима ёмон эканини ҳал қилишга ўзлари қарор қилишди. Уларнинг нотўғри танлови ҳамда тарих давомида бошқалар ҳам улар каби нотўғри танлов қилгани инсониятга кўп азоб-уқубатлар келтирди. (Ибтидо 2:17; 3:6; Римликларга 5:12) Бир китобда шундай дейилган: «Дунёдаги одамлар Худо уларга совға қилган ирода эркинлигини суиистеъмол қилгани учун азоб чекишмоқда». («Statement of Principles of Conservative Judaism») Худо бизни ирода эркинлигидан маҳрум қилмади, аксинча, одамлар Ундан мустақил яшаб кўришига вақт берди.

  2.   Худо Холокостнинг оқибатларини бартараф қилишга қодир ва шундай қилади ҳам. Тангри Яҳова ҳаётдан кўз юмган минглаб одамларни, шу қаторда, Холокост қурбонларини ҳаётга қайтаришни ваъда беряпти. Қолаверса, У Холокостда омон қолганлар даҳшатли хотиралари дастидан ҳис қилаётган оғриқни ҳам йўқ қилади. (Ишаё 65:17; Ҳаворийлар 24:15) Худонинг одамларга бўлган севгиси У мазкур ваъдаларини амалга оширишининг гаровидир. (Юҳанно 3:16)

 Холокостнинг сон-саноқсиз қурбонлари ҳамда уни бошдан кечирган инсонлар Худо нега ёвузликка йўл қўяётганини тушунгани ҳамда уни бартараф қилиш мақсадида нималар қилишини билгани учун Унга бўлган имонни ривожлантириб, ҳаёт мазмунини топишди.