Асосий материалларга ўтиш

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ

«Аччиғим тез эди»

«Аччиғим тез эди»
  • ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1975

  • МАМЛАКАТИ: Мексика

  • ЎТМИШДА: зўравон, қамоқда ўтириб чиққан

ОЛДИНЛАРИ

 Мен Мексиканинг Чьяпас штатидаги кичик бир шаҳарда — Сан-Хуан-Чанкалаитода туғилганман. Оиламиз майя авлодларининг чоль халқига мансуб. Оилада 12 та фарзандмиз ва мен бешинчисиман. Болалигимда ака-ука, опа-сингилларим ва мен Яҳованинг Шоҳидлари билан тадқиқ ўтганмиз. Афсуски, Муқаддас Китобдан билиб олганларимга ёшлигимда амал қилмаганман.

 13 ёшга кирганимда гиёҳванд моддаларини қабул қилардим ва нарсалар ўғирлардим. Шунингдек, уйдан кетдим ва кўчада дайдиб юрдим. 16 ёшимда марихуана етиштирадиган плантацияда ишлай бошладим. Бу ерда тахминан бир йилча бўлдим. Кунларнинг бирида улкан миқдордаги марихуанани қайиқда олиб кетаётганимизда, гиёҳванд моддалари билан шуғулланадиган рақиб гуруҳнинг тиш-тирноғигача қуролланган одамлари бизга ҳужум қилди. Мен сувга сакрадим ва оқим бўйича сузиб кетдим. Шу йўсин уларнинг отишмаларидан қутулиб қолдим. Бундан кейин Қўшма Штатларга қочиб кетдим.

 Қўшма Штатларда ҳам гиёҳванд моддаларини сотишни давом эттирдим ва анчагина муаммо орттирдим. 19 ёшимда мени ҳибсга олишди ва ўғриликда ҳамда одам ўлдиришга ҳаракат қилганликда айблаб, қамоққа олишди. Қамоқда бир тўдага қўшилдим ва бошқа зўравонликларга қўл урдим. Оқибатда, мени Пенсильваниянинг Льюисбург шаҳридаги қаттиқ интизом қамоғига юборишди.

 Льюисбургдаги қамоқхонада хулқим янада ёмонлашди. Тўда аъзолариникига хос татуировкаларим бўлгани боис, бу ерда ҳам тезда олдингига ўхшаш тўдага қўшилдим. Мен баттар зўравон бўлиб кетдим ва бошим уришдан чиқмас эди. Бир сафар қамоқхона ҳовлисида тўдаларнинг уришига аралашиб қолган эдим. Биз бейсбол таёқлари ва гантеллардан фойдаланиб, бир-биримизни аямасдан дўппосладик. Тўқнашувни тўхтатиш учун қамоқхона қўриқчилари ёшлантирадиган газдан фойдаланишди. Бундан кейин мени хавфли жиноятчилар учун мўлжалланган махсус камерага кўчиришди. Жаҳлим тез эди ва жуда қўрс эдим. Одамларни дўппослаш мен учун ҳеч нарса эмас эди. Ростини айтсам, бундан завқ олардим. Хулқим учун виждоним умуман қийналмас эди.

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ

 Махсус камерада бўлганимда, деярли кун бўйи ҳеч қаерга чиқмас эдим. Шунинг учун, вақтни ўтказиш мақсадида Муқаддас Китобни ўқий бошладим. Кейинчалик қўриқчи аёл «Ер юзидаги жаннатда абадий яшай оласиз» номли китобни берди a. Бу китобни ўқиганим сайин, болалигимда Яҳованинг Шоҳидлари билан тадқиқ қилган кўп нарсаларни эсладим. Сўнг зўравонлигим туфайли ҳаётим қанчалик аянчли аҳволда экани устида мулоҳаза юритдим. Қолаверса, оилам ҳақида ўйладим. Опам ва синглим Яҳованинг Шоҳиди эди ва «улар абадий яшамоқчи» деган фикр хаёлимдан ўтди. Шунда ўзимга: «Менга нима тўсқинлик қиляпти?» — деган саволни бердим. Ўшанда ўзгаришга қатъий қарор қилдим.

 Аммо шуни билардимки, ўзгариш учун ёрдамга муҳтож эдим. Шунинг учун, аввал Тангри Яҳовага ибодат қилиб менга ёрдам беришини ёлвориб сўрадим. Кейин Яҳова Шоҳидларининг Қўшма Штатлардаги филиалига хат ёзиб, Муқаддас Китоб тадқиқини ўтишларини илтимос қилдим. Филиал яқин атрофдаги жамоат мен билан боғланишини ташкиллаштирди. Ўшанда оилам аъзоларимдан бошқа ҳеч ким мени кўришига рухсат этилмасди. Шу боис, ўша жамоатдаги бир биродар менга далда бахш этувчи хатлар ва Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни юбора бошлади. Бу туфайли, ўзгариш истагим янада кучайди.

 Анча йиллардан бери аъзо бўлган тўдани тарк этишни танлаш мен учун муҳим қарор бўлди. Тўда бошлиғи ҳам махсус камерада эди. Бир куни унга мурожаат қилиб, Яҳованинг Шоҳиди бўлмоқчи эканимни айтдим. Унинг гапларидан ҳайрон қолдим. У менга: «Қароринг жиддий бўлса, оқ йўл. Мен Худога қарши чиқмайман. Лекин шунчаки тўдадан кетмоқчи бўлсанг, оқибати қандай бўлишини ўзинг биласан»,— деди.

 Кейинги икки йилдан ошиқ вақт давомида қамоқхона ишчилари ҳам шахсиятим ўзгарганини кузатди. Натижада, улар менга яхшироқ муомала қиладиган бўлди. Масалан, камерамдан чиқиб чўмилишга борганда, қўриқчилар қўлимга кишан солмай қўйди. Қўриқчилардан бири олдимга келиб, қилаётган ўзгаришларимда таслим бўлмасликка ундади. Мени қамоқхона яқинидаги интизоми енгилроқ бўлган маҳбуслар лагерига кўчиришди. Охирги бир йилни ўша ерда ўтказдим. Қамоқхонада ўн йил ўтирганимдан сўнг, 2004 йили мени озод қилишди ва маҳбуслар автобусида Месикага жўнатишди.

 Мексикага келишим билан, Яҳова Шоҳидларининг Йиғилиш залини топдим. Илк бор йиғилишга келганимда, қамоқхона кийимида эдим — ўшанда фақат шу кийимим бор эди. Кўринишимга қарамай, Яҳованинг Шоҳидлари мени илиқлик ила қарши олди. Уларнинг меҳрибонлигини кўрганимда, Худонинг хизматчилари орасида эканимни ҳис этдим. (Юҳанно 13:35) Ўша йиғилишдаёқ жамоат оқсоқоллари мен билан расман тадқиқ ўтишларини ташкиллаштирди. Орадан бир йил ўтиб, 2005 йил 3 сентябрда Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмдим.

 2007 йили январда тўла вақтли хизматни бошладим, яъни бошқаларга Муқаддас Китоб ҳақида айтиш учун ҳар ой 70 соат сарфлайман. 2011 йили Бўйдоқ биродарлар учун Муқаддас Китоб мактабини битирдим (ҳозир Шоҳлик хабарчилари мактаби деб номланади). Жамоатдаги вазифаларимни бажаришда бу мактаб менга анча ёрдам берди.

Ҳозирда бошқаларни тинчликпарвар бўлишга ўргатишдан завқ оламан

 2013 йили азиз турмуш ўртоғим Пилар билан оила қурдик. Унга ўтмишим ҳақида айтиб берганимда, у ҳазиллашиб, бунга ишониш қийин деб айтади. Олдинги ишларимнинг барига нуқта қўйдим. Турмуш ўртоғим билан шунга аминмизки, шахсиятимни ўзгартира олганим, инсон Муқаддас Китоб ёрдамида ўзгара олиши мумкинлигини тасдиқлаяпти. (Римликларга 12:2)

ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?

 Исонинг Луқо 19:10 даги сўзлари менга тегишли деб ўйлайман. У шундай деган: «[Мен] адашганларни излаб топиб, қутқариш учун келганман». Мен энди умидсиз эмасман. Бошқаларга зарар ҳам етказмаяпман. Муқаддас Китоб туфайли ҳаётим мазмунли, бошқалар билан тинч муносабатга эгаман ва энг асосийси, Парвардигорим Яҳова билан ажойиб муносабатларга эгаман.

[ИЗОҲ]

a Бу китоб Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чиқарилган, аммо ҳозир чоп этилмайди. Ҳозирда Муқаддас Китобни ўрганишда ёрдам берадиган асосий қўлланма «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» номли китобдир.