Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Шахсиятингиз кучли бўлса, шиддатли бўронларда ҳам туриб бера оласиз

ЁШЛАР УЧУН

9. Шахсият

9. Шахсият

НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

Бу сўз остида исмингиз ва ташқи кўринишингиздан кўпроқ нарса тушунилади. Унга қадриятларингиз, эътиқодингиз ва табиатингиз киради. Ҳам ички, ҳам ташқи томондан қандай шаклланганингиз шахсият ҳисобланади.

НЕГА БУ МУҲИМ?

Шахсиятингиз кучли бўлса, эътиқодингизни ҳимоя қилиб, тенгдошларингиз сизни бошқаришига йўл қўймайсиз.

«Кўп одамлар дўкондаги витринага қўйилган манекенларга ўхшайди. Улар қандай либос кийишини ўзлари эмас, бошқалар танлайди». (Адриан)

«Мен ҳатто қийин бўлган пайтларда ҳам тўғри йўл тутишни ўргандим. Кимларнинг даврасида ўзимни яхши ҳис қилсам, ўша инсонларни чин дўстларим деб айта оламан. Чунки улар менинг принципларимни ҳурмат қилишади». (Кортни)

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Ушбу замонга уйғунлашманглар, аксинча, онгингизни янгилаб, ўзингизни ўзгартиринглар». (Римликларга 12:2)

НИМА ҚИЛСАНГИЗ БЎЛАДИ?

Кучли ва заиф томонларингизни ҳамда нималарга ишонишингизни текшириб, ҳозир қандай инсон эканингизни, кейин қандай инсон бўлишни истаётганингизни ўйлаб кўринг. Биринчи навбатда қуйидаги саволларга жавоб беришга ҳаракат қилинг.

Кучли томонлар. Қандай қобилият ва маҳоратга эгаман? Қандай кучли томонларим бор? (Масалан, тартиблиманми? Ўзимни тута биламанми? Меҳнатсеварманми? Сахийманми?) Қандай яхши ишларни қиляпман?

МАСЛАҲАТ: Ўзингиз ҳақда ижобий томондан фикр юритишга қийналасизми? Ота-онангиздан ёки ишонган дўстингиздан сизда қандай кучли томонларни кўришаётганини ва нега бундай деб ҳисоблашларини сўранг.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Ҳар ким ўз ишини текширсин, шунда ўзини бошқалар билан солиштирмай ўзига қарасагина, суюнишга сабаб топади». (Галатияликларга 6:4)

Заиф томонлар. Шахсиятимнинг қайси томонлари устида кўпроқ ишлашим керак? Қачон бирор ёмон иш қилиб қўйиш васвасасига кўпроқ мойил бўламан? Қайси соҳаларда ўзимни тута билишни кўпроқ ўргансам бўлади?

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Борди-ю: “Гуноҳимиз йўқ”,— десак, янглишган бўламиз». (1 Юҳанно 1:8)

Эътиқод. Қайси ахлоқий меъёрларга мувофиқ яшаяпман ва нега? Худога ишонаманми? Унинг мавжуд эканига мени нима ишонтиради? Қандай хатти-ҳаракатларни нотўғри деб биламан ва нега? Келажакда муайян воқеалар юз беришига мени нима ишонтиряпти?

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Тафаккур сени қўриқлаб, ақл-идрок сени ҳимоя қилади». (Ҳикматлар 2:11)