Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

42- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Бенуқсон ҳаёт кечирадиган» инсонлар бахтлидир

«Бенуқсон ҳаёт кечирадиган» инсонлар бахтлидир

Бенуқсон ҳаёт кечирадиган, Яҳованинг қонуни бўйича юрадиган инсонлар бахтлидир! ЗАБ. 119:1

124- ҚЎШИҚ Вафодормиз

БУ МАҚОЛАДА *

Яҳованинг ҳукмдорлигига содиқ бўлгани учун қамоқда бўлган ёки ҳозир ҳам у ерда ўтирган баъзи имондошларимиз (1-, 2- хатбошиларига қаранг.)

1, 2. а) Қай йўсин баъзи ҳукуматлар Яҳованинг хизматчиларига қарши чиқяпти, лекин улар бунга қандай муносабат кўрсатяпти? б) Таъқибларга қарамай қандай қилиб бахтли бўла оламиз? (Муқовадаги расмга ҳам шарҳ беринг.)

 ҲОЗИР 30 дан зиёд мамлакатларда фаолиятимиз чекланган ёки ман этилган. Баъзи жойларда биродару опа-сингилларимиз ҳибсга олинган. Хўш, улар бирон ёмон иш қилганми? Асло. Яҳованинг назарида улар ҳеч қандай ёмонлик қилмаган. Уларнинг ҳаммаси Муқаддас Китобни ўқиб уни тадқиқ қилган, хушхабарни бошқалар билан бўлишган ва йиғилишларга борган. Шунингдек, улар сиёсий масалаларда тарафкашлик қилмаган. Қолаверса, улар бетарафликни сақлаб, шиддатли қувғунларга қарамай бенуқсон * бўлиб қолган. Бу билан улар Яҳовага садоқатли эканини кўрсатган. Улар бундан хурсанд.

2 Шубҳасизки, бундай жасоратли имондошларимизнинг расмларини кўргансиз ва уларнинг юзидаги табассумга эътибор бергансиз. Улар бенуқсонликни сақлаб, Яҳовани мамнун қилишаётганини билишдан жуда бахтиёр. (1 Сол. 29:17а) Исо пайғамбар: «Одиллик учун таъқиб қилинаётганлар бахтлидир. [...] Шод-хуррам бўлинглар, зеро осмондаги мукофотингиз буюкдир»,— деб айтган. (Мат. 5:10–12)

БИЗ УЧУН ЎРНАК

Судда имонини намоён этаётган масиҳийлар учун Бутрус ва Юҳанно яхши ўрнакдир (3-, 4- хатбошиларига қаранг.)

3. Ҳаворийлар таъқибларга дуч келганда нима қилган ва нега? (Ҳаворийлар 4:19, 20)

3 Ҳаворийлар ҳам Исо ҳақида ваъз қилгани учун таъқибларга дуч келган. Яҳудийларнинг олий маҳкамасидаги ҳакамлар қайта-қайта «Исонинг номидан бошқа таълим бермасликни буюрган». (Ҳавор. 4:18; 5:27, 28, 40) Хўш, ҳаворийлар қандай йўл тутган? (Ҳаворийлар 4:19, 20 ни ўқинг.) Улар Исо ҳақида ваъз қилиб, «кенг шоҳидлик берган». Ҳаворийлар буни юксакроқ ҳокимиятга эга бўлган шахс, яъни Исонинг ўзи буюрганини билган. (Ҳавор. 10:42) Шу боис, уларнинг вакиллари Бутрус ва Юҳанно ўша ҳакамларга эмас, Худога бўйсунишини ва Исо ҳақида тинмай ваъз қилишини ғайрат ила айтишган. Ҳаворийлар уларга шундай савол бергандай бўлган: «Сизлар Худодан кўра, кўпроқ ҳокимиятга эгамиз деб ўйлаяпсизми?»

4. Ҳаворийлар нима қилишган ва уларга қандай тақлид қилишимиз мумкин? (Ҳаворийлар 5:27–29)

4 Ҳаворийлар «одамларга эмас, Сарвари Оламга бўйсуниш» борасида барча масиҳийларга ажойиб ўрнак кўрсатишган. (Ҳаворийлар 5:27–29 ни ўқинг.) Улар бенуқсонликни сақлашгани учун дўппосланишган. Лекин «Исонинг исми учун ҳақоратга сазовор бўлдик, деб Олий Кенгашдан суюниб чиқиб кетишган» ҳамда ваъз қилишда давом этишган. (Ҳавор. 5:40–42)

5. Қайси саволларга жавоб топишимиз керак?

5 Ҳаворийларнинг ўрнаги баъзи саволларни келтириб чиқаради. Мисол учун, қандай қилиб улар одамларга эмас, Худога итоатли бўлишган ва шу билан бирга «ҳукмрон ҳокимиятга бўйсунишган»? (Рим. 13:1) Қай йўсин биз ҳаворий Павлус айтганидай, «ҳукумату ҳокимиятларга» бўйсунишимиз ва энг Олий Ҳукмдорга содиқ қолишимиз мумкин? (Титус. 3:1)

«ҲУКМРОН ҲОКИМИЯТ»

6. а) Римликларга 13:1 га кўра, «ҳукмрон ҳокимиятга» қандай муносабат кўрсатишимиз лозим? б) Ҳукуматлар эга бўлган ваколати ҳақида нима деса бўлади?

6 Римликларга 13:1 ни ўқинг. Масиҳийлар «ҳукмрон ҳокимиятга» итоатли бўлиши лозим. Бу бошқарувчилар тинчлик бўлишига ва одамлар қонунларга бўйсунаётганига ишонч ҳосил қилиб, ҳатто гоҳида Худонинг халқини ҳимоялайди. (Ваҳ. 12:16) Шунинг учун, биз вақтида солиқ ва бож тўлашимиз ва уларга ҳурмат кўрсатишимиз даркор. (Рим. 13:7) Аммо ҳукуматлар Яҳова уларга бошқаришга йўл қўяётгани учун ҳукм суряпти. Исо Масиҳ буни Рим ҳокими Понтий Пилатга аниқ айтган эди. Пилат уни ўлимдан қутқариб қолиш ҳокимиятига эга эканини айтган. Исо эса унга: «Агар сизга юқоридан берилмаганида эди, менинг устимдан ҳеч қандай ҳокимиятга эга бўлмас эдингиз»,— деган. (Юҳан. 19:11) Бугун ҳам Пилат каби барча бошлиқлару сиёсатчиларнинг ҳокимияти чегараланган.

7. Қайси вазиятларда ҳукмрон ҳокимиятга бўйсунмаймиз ва улар нимани ёдда тутиши лозим?

7 Масиҳийлар Худонинг қонунларига зид бўлмаган масалаларда ҳукмрон ҳокимиятга бўйсунишади. Лекин ҳукумат аъзолари Худо ман этган ишларни қилишга мажбурлар. Масалан, ёшлардан қўлига қурол олиб урушга боришни талаб қилар *. Ё бўлмаса, улар Худо талаб қилаётган ишларни қилмасликни айтар. Мисол учун, улар Муқаддас Китоб ва унга асосланган адабиётларимизни тақиқлаб, ваъз қилишга ва бирга топинишга рухсат бермас. Бундай вазиятларда биз ҳукмрон ҳокимиятга бўйсуна олмаймиз. Улар ўз ваколатини суиистеъмол қилишса, масалан, Масиҳнинг издошларини таъқиб қилишса, бу учун Худонинг олдида жавоб беришади. Ҳа, Яҳова ҳаммасини кўриб турибди! (Воиз 5:8)

8. Яҳова ва ҳукмрон ҳокимият орасида қандай фарқ бор?

8 «Ҳукмрон ҳокимият» ваколатга эга бўлиши, яхши ишлар қилиши ва одамларни бошқариши мумкин. Лекин бу бошқарувчилар «мукаммал ва олий эканини» англатмайди. Барчадан мукаммал ва олий Шахс мавжуд. У Тангри Яҳовадир. Муқаддас Китобда Унга нисбатан «Худойи Таоло» деган унвон тўрт марта ишлатилган. (Дон. 7:18, 22, 25, 27)

«ХУДОЙИ ТАОЛО»

9. Дониёр пайғамбар қандай ваҳийлар кўрган?

9 Дониёр пайғамбар Яҳова барча ҳокимиятлардан анча қудратлироқ экани ҳақидаги ваҳийларни кўрган. Аввал у баҳайбат тўртта ҳайвонни кўрган. Улар ўтмишдаги жаҳон империяларини, яъни Бобил, Мидия ва Форс, Юнонистон ва Римни ҳамда ҳозирги жаҳон империяси — Англия-Американи англатади. (Дон. 7:1–3, 17) Кейин эса у Тангри Яҳова осмондаги тахтда ўтирганини кўрган. (Дон. 7:9, 10) Бу содиқ пайғамбар кўрган яна битта ваҳий бор. У ҳозирги ҳукуматлар учун огоҳлантириш сифатида хизмат қилади.

10. Яҳова ер юзи устидан бошқариш ҳокимиятини кимга беради ва бу нимани тасдиқлаяпти? (Дониёр 7:13, 14, 27)

10 Дониёр 7:13, 14, 27 ни ўқинг. Аллоҳ ҳукуматлардан барча ҳокимияту кучни олиб, лойиқроқ ва қудратлироқ бўлганларга беради. Кимга? «Абадулабад» бошқарадиган «инсон ўғлига ўхшаган биттаси», яъни Исо Масиҳга ҳамда «Худойи Таолонинг муқаддас халқи», яъни 144 000 мойланганларга. (Дон. 7:18) Ҳа, Яҳова «Худойи Таоло» бўлгани учун бундай қилиш ваколатига эга.

11. Дониёр айтган қайси сўзлар Яҳова Олий Ҳукмдор эканини кўрсатяпти?

11 Дониёр ваҳийда кўрган воқеа у олдинроқ айтган сўзлар билан ҳамоҳанг. У шундай деган: «Самодаги Тангри [...] шоҳларни тахтдан тушириб, тахтга чиқаради». Дониёр «Аллоҳ Таоло инсоният шоҳликларининг Ҳукмдори эканини, ҳокимиятни истаган кишига беришини» ҳам айтган. (Дон. 2:19–21; 4:17) Яҳова шоҳларни тахтдан тушириб, тахтга чиқарган пайтлар бўлганми? Ҳа, бўлган.

Яҳова шоҳликни Валтасардан олиб, мидияликлар ва форсларга берган (12- хатбошига қаранг.)

12. Яҳова ўтмишда шоҳларни тахтдан туширгани ҳақида мисол келтиринг. (Расмга қаранг.)

12 Худо ҳукуматлардан анча юксакроқ эканини яққол намоён этган. Келинг, учта мисолга назар солайлик. Миср фиръавини Яҳованинг хизматчиларини қулга айлантириб, уларни озод қилишдан қайта-қайта бош тортган. Аммо Аллоҳ уларни қутқарган, фиръавнни эса Қизил денгизга улоқтирган. (Чиқ. 14:26–28; Заб. 136:15) Шунингдек, Бобил шоҳи Валтасар байрам ўтказиб, «самолар Эгасига қарши бош кўтарган» ва «олтин, кумушдан» ясалган худоларни мадҳ этган. (Дон. 5:22, 23) Лекин Худо бу такаббур кишининг попугини пасайтирган. «Ўша кечанинг ўзида» Валтасар ўлдирилган ва шоҳлиги мидияликлару форсларга берилган. (Дон. 5:28, 30, 31) Қолаверса, Фаластин шоҳи Ҳирод Агриппа I ҳаворий Ёқубни ўлдирганидан кейин ҳаворий Бутрусни ҳам қамоққа ташлаб, уни ўлдириш ниятида бўлган. Бироқ Яҳова унга тўсқинлик қилган. «Яҳованинг фариштаси уни жазолаган» ва у ўлган. (Ҳавор. 12:1–5, 21–23)

13. Яҳова иттифоқ тузган ҳукмдорларни мағлуб этгани борасида мисол келтиринг.

13 Яҳова иттифоқ тузган ҳукмдорлардан ҳам юксакроқ эканини кўрсатган. У исроилликлар учун жанг қилган ва уларга 31 та Канъон шоҳини мағлуб этишга ҳамда ваъда қилинган юртнинг катта қисмини забт этишга ёрдам берган. (Ёшуа 11:4–6, 20; 12:1, 7, 24) Шунингдек, Яҳова Ўз халқига шоҳ Банҳадад ва сурияликларнинг бошқа 32 та шоҳини яксон қилишга кўмаклашган. (3 Шоҳ. 20:1, 26–29)

14, 15. а) Шоҳ Навуходоносор ва Доро Яҳованинг ҳукмдорлиги ҳақида нима деб айтишган? б) Сано бастакори Яҳова ҳамда Унинг халқи тўғрисида нима деган?

14 Яҳова қайта-қайта Худойи Таоло эканини исботлаган. Бобил шоҳи Навуходоносор фақатгина Яҳова шон-шуҳратга эга эканини тан олишнинг ўрнига ўзининг куч-қудрати, улуғворлигию маҳобати билан мақтанган. Шунинг учун Яҳова уни жазолаган ва у эс-ҳушини йўқотган. Навуходоносорнинг эс-ҳуши ўзига қайтгач, у «Аллоҳ Таолога ҳамду санолар» айтган ва Яҳованинг «ҳукмдорлиги мангу» эканини тан олган. Шунингдек, у: «Ҳеч ким Унга тўсқинлик қила олмайди»,— деб айтган. (Дон. 4:30, 33–35) Дониёрнинг бенуқсонлиги синалиб, Яҳова уни шерлардан қутқарганидан кейин, шоҳ Доро шундай фармон чиқарган: «Одамлар Дониёрнинг Худосидан қўрқиб, Уни ҳурмат қилишсин. Зеро, У барҳаёт Аллоҳдир, У тоабад бор бўлади. Унинг шоҳлиги асло яксон қилинмайди, ҳукмдорлиги мангудир!» (Дон. 6:7–10, 19–22, 26, 27)

15 Сано бастакори қуйидагича ёзган: «Яҳова халқларнинг режаларини пучга чиқарди, миллатларнинг ниятларини барбод қилди». Шунингдек, у: «Яҳова қайси халқнинг Худоси бўлса, кимни Ўз мулки сифатида танласа, ўша халқ бахтлидир»,— деган. (Заб. 33:10, 12) Бу Яҳовага содиқ бўлиб қолишимиз учун арзигулик сабабдир.

СЎНГГИ ЖАНГ

Яҳованинг самовий қўшини халқлар иттифоқини осонликча мағлуб этади (16-, 17- хатбошиларига қаранг.)

16. Нимада амин бўлишимиз мумкин ва нега? (Расмга қаранг.)

16 Яҳова ўтмишда нималар қилгани ҳақида билиб олдик. Яқин келажакда нималар бўлади? Яҳова садоқатли хизматчиларини «буюк мусибат» пайтида қутқаришига амин бўлишимиз мумкин. (Мат. 24:21; Дон. 12:1) Бу Магўг юртидаги Гўг деб танилган халқлар иттифоқи бутун ер юзи бўйлаб Худонинг хизматчиларига шиддатли ҳужум қилганида содир бўлади. Ушбу иттифоқ ҳатто Бирлашган Миллат Ташкилотининг 193 та аъзосидан иборат бўлса-да, у Худойи Таоло ва Унинг самовий қўшинига қарши жанг қила олмайди. У шундай ваъда бермоқда: «Мен Ўзимни улуғлайман, муқаддас Худо эканлигимни кўрсатаман ва кўп халқлар кўзи олдида Ўзимни танитаман. Шунда улар Мен Яҳова эканимни билиб олишади». (Ҳиз. 38:14–16, 23; Заб. 46:10)

17. Муқаддас Китобда дунё шоҳлари ва бенуқсонликни сақлаганларнинг келажаги ҳақида нима дейилган?

17 Гўгнинг ҳужуми сўнгги жангга, яъни Армагеддонга етаклайди. Ўшанда Яҳова «барча жаҳон шоҳларини» йўқ қилади. (Ваҳ. 16:14, 16; 19:19–21) Бундан фарқли равишда «тўғрилар ер юзида яшайди, бенуқсонлар унда маскан қуради». (Ҳик. 2:21)

БЕНУҚСОН БЎЛИБ ҚОЛИШИМИЗ КЕРАК

18. Исонинг ҳақиқий издошлари нима қилишга тайёр ва нега? (Дониёр 3:28)

18 Тарих мобайнида Исонинг ҳақиқий издошлари Яҳовани яхши кўргани учун ўз эркинлигию ҳаётини хавф остига қўйиб келган. Улар бенуқсонликни сақлаб, Худойи Таолога содиқ бўлиб қолган учта иброний йигитга ўхшайди. Худо уларни оловли печдан қутқариб қолган. (Дониёр 3:28 ни ўқинг.)

19. Яҳова нимага мувофиқ хизматчиларини ҳукм қилади ва биз нима қилишимиз лозим?

19 Сано бастакори Довуд бенуқсонликни сақлаш муҳимлиги ҳақида қуйидагича деган: «Яҳова халқларга ҳукм чиқаради. Эй Яҳова, одиллигимга яраша, бенуқсонлигимга мувофиқ мени ҳукм қил!» (Заб. 7:8) У яна: «Бенуқсонлик ва тўғрилик мени ҳимоя қилсин»,— деб айтган. (Заб. 25:21) Нима бўлишидан қатъий назар Яҳовага содиқ бўлиб қолиш энг тўғри қарор. Шунда сано бастакорининг қуйидаги сўзларига қўшила оламиз: «Бенуқсон ҳаёт кечирадиган, Яҳованинг қонуни бўйича юрадиган инсонлар бахтлидир!» (Заб. 119:1)

122- ҚЎШИҚ Мард ва маҳкам туринг!

^ Муқаддас Китобда масиҳийлар ҳукмрон ҳокимиятга бўйсуниши ҳақида айтилган. Лекин баъзи ҳукуматлар Яҳовага ва Унинг хизматчиларига очиқчасига қарши чиқяпти. Қандай қилиб ҳам ҳукмдорларга бўйсунишимиз, ҳам бенуқсонлигимизни сақлашимиз мумкин?

^ ИБОРА МАЪНОСИ. Бенуқсон бўлиш ҳамиша Яҳовага содиқ бўлиб, ҳатто жуда қийин пайтда ҳам Унинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлашни англатади.