Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

21- ҚИСМ

Исо тирик!

Исо тирик!

Исо издошларига кўриниб, уларга йўл-йўриқ ва далда беради

ИСОНИНГ ўлганига уч кун бўлганида, унинг издошлари бўлган айрим аёллар қабр бошига келишади. Қарашса, қабр оғзидаги тош чеккага юмалатиб қўйилган, ичи эса бўм-бўш экан!

Шу пайт иккита фаришта пайдо бўлади. Улардан бири аёлларга: «Сизлар... Исони қидиряпсизлар. У тирилди»,— деб айтади (Марк 16:6). Улар эса бу хабарни ҳаворийларга етказиш учун чопиб кетишади. Йўлда улар Исони учратиб қолишади. У аёлларга: «Қўрқманглар! Бориб, биродарларимга хабар беринглар, улар Жалилага боришсин. Мени ўша ерда кўришади»,— дейди (Матто 28:10).

Ўша куни Исонинг икки шогирди Қуддусдан Эммаус қишлоғига кетаётган бўлишади. Йўлда уларга бир бегона киши ҳамроҳ бўлиб, нималар тўғрисида гаплашиб келишаётганини сўрайди. Бу Исо эди. У қиёфасини ўзгартиргани учун шогирдлар аввалига уни таний олишмайди. Улар ғамгин юз билан Исо ҳақида суҳбатлашиб келишаётганини айтишади. Бу ҳамроҳ киши уларга Муқаддас Ёзувларда Масиҳ борасида нималар дейилганини тушунтира бошлайди. Башоратлар тафсилотларигача Исода бажо бўлган экан *. Шогирдлар бегона киши руҳий шахс бўлиб тирилган Исо эканини тушуниб етишганида, у кўздан ғойиб бўлади.

Шу заҳотиёқ иккала шогирд Қуддусга қайтишади. Улар эшикларни қулфлаб ўтирган ҳаворийлар олдига келишади. Бўлиб ўтган воқеани айтиб беришаётганида, Исо пайдо бўлади. Устозларини кўрган шогирдлар донг қотиб, кўзларига ишонгилари келмайди! «Нега қалбингизда шубҳалар туғилди?» — дея сўрайди у. Сўнг: «Муқаддас Ёзувларга биноан, Масиҳ азоб чекиб, учинчи куни эса тирилиши керак»,— дейди (Луқо 24:38, 46).

Тирилганидан кейин Исо 40 кун давомида шогирдларига турли тарзда кўринади. Бир марта у 500 дан ҳам кўпроқ кишига намоён бўлади! Эҳтимол айнан ўшанда Исо шу муҳим топшириқни берган: «Боринглар, барча халқлардаги одамларга таълим бериб, менга шогирд тайёрланглар... Мен сизларга амр этган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. Бу замонанинг охиригача мен доимо сизлар билан бўламан» (Матто 28:19, 20).

Исо сўнгги бор 11 нафар содиқ ҳаворийлари билан учрашганида, уларга шундай ваъда беради: «Устингизга муқаддас руҳ тушганда, сизлар кучга тўлиб... ернинг четларига қадар менинг шоҳидларим бўласизлар» (Ҳаворийлар 1:8). Сўнг, Исо уларнинг кўз ўнгида кўкка кўтарилиб, булутлар орасида ғойиб бўлади.

Матто 28, Марк 16, Луқо 24 ҳамда Юҳанно 20- ва 21- бобларга шунингдек 1 Коринфликларга 15:5- ва 6- оятларга асосланган.

^ абз. 6 Масиҳга оид башоратлар Исода амалга ошгани ҳақида рисоламизнинг 17–19- саҳифаларидан ва «Муқаддас Китоб таълимотлари» китобининг 199–201- саҳифаларидан билиб олиш мумкин.