Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

33- ДАРС

Рут ва Наима

Рут ва Наима

Исроилда очарчилик бошланганида Наима исмли аёл эри ва иккита ўғли билан Мўаб юртига кўчиб кетди. Кейинчалик Наиманинг эри вафот этди. Унинг ўғиллари Рут ва Ўрпа исмли мўаблик қизларга уйланишди. Афсуски, вақт ўтиб Наиманинг ўғиллари ҳам ҳаётдан кўз юмишди.

Исроилда очарчилик тугаганини эшитиб, Наима уйига қайтишга қарор қилди. Рут билан Ўрпа ҳам у билан кетишаётган эди. Лекин йўлда Наима уларга: «Сизлар ўғилларимга яхши хотин, менга эса яхши келин бўлдингиз. Иккингиз ҳам қайта турмуш қуришингизни истайман. Шунинг учун уйингизга, Мўабга қайтинглар»,— деди. Улар эса Наимага: «Биз сизни яхши кўрамиз, сизни ташлаб кетишни истамаймиз»,— дейишди. Наима уларни ортга қайтаришга роса уринди. Охири Ўрпа уйига қайтиб кетди, Рут эса қолди. Наима унга: «Ўрпа ўз халқи ва ўз худолари олдига қайтиб кетяпти, сиз ҳам у билан ота-онангизнинг уйига қайтинг»,— деди. Аммо Рут: «Йўқ, сизни ташлаб кетмайман. Сизнинг халқингиз менинг халқим, сизнинг Худойингиз менинг Худойим бўлади»,— деб жавоб берди. Нима деб ўйлайсиз, Рутнинг сўзларини эшитганида Наима ўзини қандай ҳис қилди?

Рут ва Наима арпа ўрим-йиғими бошланганида Исроилга келишди. Бир куни Рут тушиб қолган бошоқларни териш учун Боз исмли кишининг даласига борди. Бу киши Раҳобанинг набираси эди. Боз Рут мўаблик эканини ва садоқат ила Наиманинг ёнида қолганини эшитган эди. У хизматкорларига Рут териб олиши учун дон бошоқларидан бироз ташлаб кетишни буюрди.

Ўша куни кечқурун Наима Рутдан: «Бугун кимнинг даласида ишладингиз»,— деб сўради. Рут: «Боз исмли кишининг даласида»,— деб жавоб берди. Наима эса: «Боз эримнинг қариндошларидан бири бўлади. Бошқа аёлларга қўшилиб унинг даласида ишлайверинг. У ерда хавфсизликда бўласиз»,— деди.

Рут ўрим-йиғим тугагунча Бознинг даласида ишлаб юрди. Боз Рут жон куйдириб меҳнат қилаётганига ва яхши аёл эканига эътибор қаратди. Ўша пайтларда агар бирор киши ўлса-ю, ўғли бўлмаса, унинг қариндоши ўша кишининг бевасига уйланарди. Шунинг учун Боз Рутга уйланди. Улар ўғил кўришди ва исмини Обид қўйишди. Кейинчалик у шоҳ Довуднинг бобоси бўлди. Наиманинг дўстлари роса хурсанд бўлишди. Улар: «Аввалига Яҳова сизга кўп яхшилик қилган Рутни берди, энди эса набира ҳам ато этди. Яҳовага шон-шарафлар бўлсин»,— дейишди.

«Туғишгандан ҳам яқинроқ дўст бор». (Ҳикматлар 18:24)