Шоҳлар учинчи китоб 22:1–53
22 Сурия билан Исроил ўртасида уч йил уруш бўлмади.
2 Учинчи йили Яҳудо шоҳи Ёҳушафат+ Исроил шоҳининг ҳузурига келди+.
3 Исроил шоҳи ўз хизматчиларига: «Рамўт-Гилад+ бизга тегишли эканини биласизларми? Биз эса уни Сурия шоҳидан тортиб олмай қараб ўтирибмиз»,— деди.
4 Кейин у Ёҳушафатдан: «Мен билан бирга Рамўт-Гиладни қайтариш учун жанг қилгани борасизми?» — деб сўради. Ёҳушафат: «Икковимиз бирмиз. Менинг халқим — сизнинг халқингиз, менинг отларим — сизнинг отларингиз»+,— дея жавоб берди.
5 Аммо Ёҳушафат Исроил шоҳига: «Яҳова нима дер экан? Аввал Ундан сўраб кўринг-чи»+,— деди.
6 Шунда Исроил шоҳи 400 га яқин пайғамбарни чақиртириб, улардан: «Рамўт-Гиладга қарши жанг қилгани борайми ёки йўқми?» — деб сўради. Улар: «Боринг, Яҳова уни шоҳимизнинг қўлига топширади»,— дейишди.
7 Ёҳушафат бўлса: «Бу ерда Яҳованинг яна бошқа пайғамбари борми? У орқали ҳам сўраб кўрайлик»+,— деди.
8 Исроил шоҳи Ёҳушафатга: «Яҳовага мурожаат қилса бўладиган яна бир пайғамбар бор+. У Йимло ўғли Михиё. Бироқ мен уни ёмон кўраман+. Чунки у мен ҳақимда яхши эмас, нуқул ёмон башорат айтади»+,— деди. Лекин Ёҳушафат: «Бундай деманг, шоҳ ҳазратлари»,— деб айтди.
9 Исроил шоҳи сарой амалдорларидан бирини чақириб: «Тезда Йимло ўғли Михиёни олиб кел»+,— деб буюрди.
10 Исроил шоҳи ва Яҳудо шоҳи Ёҳушафат шоҳона либосларини кийиб, Самария дарвозаси ёнидаги хирмонда ўз тахтларида ўтиришган эди. Барча пайғамбарлар эса уларнинг олдида башорат қилаётган эди+.
11 Бир пайт Ханано ўғли Зидқиё темир мугузлар ясаб, деди: «Яҳова: “Сурияликларни шу мугузлар билан сузиб, бутунлай йўқ қиласан”,— деяпти».
12 Бошқа пайғамбарлар ҳам: «Рамўт-Гиладга боринг, ғалабага эришасиз. Яҳова уни шоҳимизнинг қўлига топширади»,— дея башорат қилишарди.
13 Михиёни чақиргани борган хабарчи унга: «Ҳамма пайғамбарлар бир овоздан шоҳга яхшиликни башорат қилишди. Сиз ҳам улар сингари яхшиликни каромат қилинг»+,— деди.
14 Михиё бўлса: «Барҳаёт Тангри Яҳова ҳаққи қасам ичиб айтаманки, Яҳова нима деса шуни гапираман»,— деб айтди.
15 У шоҳнинг ҳузурига келгач, шоҳ ундан: «Михиё, Рамўт-Гиладга қарши жанг қилгани борайликми ёки йўқми?» — деб сўради. Михиё шоҳга: «Боринг, ғалабага эришасиз. Яҳова уни шоҳимизнинг қўлига топширади»,— деди.
16 Шоҳ ундан: «Менга фақат тўғрисини айтишинг учун, Яҳова исми ҳаққи сенга неча марта қасам ичдиришим керак?» — деб сўради.
17 Шунда Михиё жавобан деди: «Барча исроилликлар чўпонсиз қўйлардай тоғларда ҳар томонга тарқаб кетганини кўряпман+. Яҳова: “Уларнинг хўжайини йўқ. Бари эсон-омон уй-уйларига қайтсин”,— демоқда».
18 Исроил шоҳи Ёҳушафатга: «Мен сизга: “У мен ҳақимда яхши эмас, нуқул ёмон башорат айтади”,— дегандим-ку!»+ — деди.
19 Сўнг Михиё қуйидагича деди: «Энди Яҳованинг сўзларини тингланг. Мен Яҳованинг тахтда ўтирганини+, бутун самовий қўшин Унинг олдида — ўнг ва чап томонида турганини кўрдим+.
20 Яҳова улардан: “Ахаб Рамўт-Гиладга бориб, ўша ерда ўлиши учун ким уни алдай олади?” — деб сўради. Шунда фаришталардан бири ундай, бошқаси бундай деди.
21 Охири бир фаришта*+ ўртага чиқиб, Яҳовага: “Уни мен алдайман”,— деб айтди. Яҳова ундан: “Қандай қилиб?” — дея сўради.
22 У: “Мен бориб, унинг барча пайғамбарларини ёлғон гапиртираман*+”,— деб жавоб берди. Худо унга: “Сен уни алдайсан, буни уддалайсан. Бориб, шундай қил”,— деб айтди.
23 Шу тариқа, ўша фаришта барча пайғамбарларни ёлғон гапиртиришига Яҳова йўл қўйди+. Лекин Яҳова бошингизга фалокат келтиришга қарор қилган»+.
24 Ханано ўғли Зидқиё Михиёнинг ёнига бориб, чаккасига бир урди-да: «Яҳованинг руҳи мени тарк этиб, сен билан гаплашяпти деб ўйлаяпсанми?»+ — деди.
25 Михиё эса: «Ичкари хонага кириб яширинган кунинг бунга амин бўласан!» — дея жавоб қайтарди.
26 Исроил шоҳи қуйидагича деди: «Михиёни шаҳар ҳокими Омон билан шоҳ ўғли Йўшнинг олдига олиб боринглар-да,
27 уларга шундай денглар: “Шоҳимиз: “Бу одамни зиндонга қамаб+, мен эсон-омон қайтмагунимча, унга оз-моз нон билан сув бериб туринглар”,— деб буюрди”».
28 Михиё бўлса: «Агар эсон-омон қайтсангиз, Яҳова мен билан гаплашмаган бўлиб чиқади»+,— деди ва охири: «Эй халойиқ, буни ҳаммангиз эшитдингиз»,— дея қўшиб қўйди.
29 Сўнг Исроил шоҳи билан Яҳудо шоҳи Ёҳушафат Рамўт-Гиладга жўнашди+.
30 Исроил шоҳи Ёҳушафатга: «Мен уст-бошимни ўзгартириб, жангга кираман. Сиз эса шоҳона либосингизни кийинг»,— деди. Шу тариқа, Исроил шоҳи уст-бошини ўзгартириб, жангга кирди+.
31 Сурия шоҳи жанг араваларининг 32 та қўмондонига: «Кичиги билан ҳам, каттаси билан ҳам жанг қилмай, фақат Исроил шоҳининг ўзи билан жанг қилинглар»,— деб буюрди+.
32 Қўмондонлар Ёҳушафатни кўришлари биланоқ: «Бу, Исроилнинг шоҳи»,— деб ўйлаб, унга қарши жанг қилиш учун у томонга бурилишди. Ёҳушафат бўлса ёрдам сўраб бақира бошлади.
33 Қўмондонлар у Исроил шоҳи эмаслигини тушуниб, уни таъқиб қилмай дарров орқага бурилишди.
34 Бир киши нишонга олмай камондан ўқ отган эди, у Исроил шоҳига бориб тегди. Ўқ совутнинг тангачалари бириктирилган жойдан кирган эди. Шоҳ аравакашига: «Мен қаттиқ яраландим. Орқага бурилиб, мени жанг майдонидан олиб чиқ»+,— деб буюрди.
35 Ўша куни жанг авж олиб, шоҳ сурияликлар қаршисида аравасида тик туришига тўғри келди. Яраланган жойидан қон оқиб араваси ичига тўкиларди ва кечга бориб шоҳ жон берди+.
36 Қуёш ботай деб қолганда, Исроил қўшинига: «Ҳар ким ўз шаҳрига, ўз юртига қайтсин!»+ — дея жар солинди.
37 Шундай қилиб, шоҳ ҳалок бўлди. У Самарияга олиб келиниб, ўша ерда дафн этилди.
38 Шоҳнинг жанг араваси Самариядаги ҳовузда ювилганда, итлар унинг қонини ялади. Бу ҳовузда фоҳишалар чўмиларди*. Шу йўсин, Яҳованинг сўзлари бажо бўлди+.
39 Ахабнинг ҳаёти, барча қилган ишлари, фил суягидан+ қурган саройи ва бунёд этган шаҳарлари ҳақида Исроил шоҳлари тарихи ёзилган китобда баён этилган.
40 Ахаб вафот этиб, ота-боболарига қўшилди+. Ўрнига ўғли Охазиё+ тахтга ўтирди.
41 Осо ўғли Ёҳушафат+, Исроил шоҳи Ахаб ҳукмронлигининг тўртинчи йили Яҳудо устидан шоҳ бўлган эди.
42 Ёҳушафат 35 ёшда тахтга ўтириб, Қуддусда 25 йил шоҳлик қилди. Онасининг исми Озибах бўлиб, у Шилхининг қизи эди.
43 У отаси Осонинг йўлидан оғмай юриб+, Яҳованинг назарида тўғри ишлар қилди+. Бироқ тепаликлар* йўқ қилинмаган эди ва халқ ҳамон тепаликларда қурбонликлар келтириб, уларни куйдириб тутатарди+.
44 Ёҳушафат билан Исроил шоҳи ўртасида тинчлик ҳукм сурарди+.
45 Ёҳушафатнинг ҳаёти, эришган ютуқлари ва олиб борган жанглари ҳақида Исроил шоҳлари тарихи ёзилган китобда баён этилган.
46 У шунингдек, юртни отаси Осо давридан қолиб кетган ибодатхона баччаларидан*+ ҳам тозалади+.
47 Ўша пайтда Эдомда+ шоҳ йўқ эди, юртни назоратчи бошқарарди+.
48 Ёҳушафат Офирдан олтин олиб келиш учун Таршиш кемаларини ясатди+. Лекин улар Эзйўн-Геберда+ фалокатга учраб, парчаланиб кетди.
49 Шунда Ахаб ўғли Охазиё Ёҳушафатга: «Хизматкорларим кемаларда сизнинг хизматкорларингиз билан бирга борсин»,— деди, аммо Ёҳушафат рози бўлмади.
50 Ёҳушафат вафот этиб, ота-боболарига қўшилди+ ва бобоси Довуд шаҳрида, ота-боболари ёнига дафн этилди. Ўрнига ўғли Ёҳурам+ тахтга ўтирди.
51 Ахаб ўғли Охазиё+, Яҳудо шоҳи Ёҳушафат ҳукмронлигининг 17- йили Исроил тахтига ўтириб, Самарияда Исроил устидан икки йил шоҳлик қилди.
52 Охазиё Яҳованинг назарида ёмон ишлар қилиб, Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ёрубомнинг+ ва ота-онасининг+ йўлидан юрди.
53 У отаси сингари Баалга хизмат қилиб+, сиғинди ва шу тариқа Исроил Худоси Яҳовани ранжитди+.
Изоҳлар
^ Сўзма-сўз «руҳ».
^ Сўзма-сўз «унинг барча пайғамбарлари оғзида ёлғончи руҳ бўламан».
^ Бошқа вариант «Шоҳнинг жанг араваси фоҳишалар чўмиладиган Самариядаги ҳовузда ювилди, унинг қонини итлар ялади».
^ Топиниш учун махсус жойлар.
^ Ибодатхонада фаҳш учун фойдаланилган эркаклар.