Асосий материалларга ўтиш

Исо Масиҳ қандай қилиб қутқаради?

Исо Масиҳ қандай қилиб қутқаради?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Исо Масиҳ ўз ҳаётини тўлов қурбонлиги сифатида келтирганда, содиқ инсонларни қутқарган эди. (Матто 20:28) Шу сабабли, у Муқаддас Китобда «дунё қутқарувчиси» дея аталади. (1 Юҳанно 4:14) Қолаверса, у ерда қуйидагича ёзилган: «Одамларни ундан бошқа ҳеч ким қутқара олмайди, чунки нажот топишимиз учун осмону фалак остида одамларга берилган бошқа исм йўқ». (Ҳаворийлар 4:12)

 Исо унга ишонган ҳар бир киши учун «ўлимга рўбарў бўлган». (Ибронийларга 2:9; Юҳанно 3:16) Шу боис, «Аллоҳ уни тирилтирди» ва у руҳий шахс сифатида осмонга қайтди. (Ҳаворийлар 3:15) У ерда Исо «Аллоҳга яқинлашганларни бутунлай қутқаришга қодир. У абадий яшагани боис, улар учун воситачилик қилади». (Ибронийларга 7:25)

Нега Исо биз учун воситачилик қилади?

 Барчамиз гуноҳкормиз. (Римликларга 3:23) Гуноҳ Худо билан бизнинг ўртамизда тўсиқ бўлиб, ўлимга етаклайди. (Римликларга 6:23) Лекин Исо унинг тўлов қурбонлигига ишонган кишилар учун «ҳимоячи» сифатида хизмат қилади. (1 Юҳанно 2:1, изоҳ) У воситачилик қилиб, Худодан уларнинг ибодатларини эшитишини ва бу тўлов асосида гуноҳлари кечирилишини сўрайди. (Матто 1:21; Римликларга 8:34) Худо Исо орқали қилинган бу ибодатларни қабул қилади, чунки улар Унинг иродасига мувофиқ. Аллоҳ «дунёни қутқариш» учун Исони ер юзига юборган. (Юҳанно 3:17)

Қутқарилиш учун Исога ишонишнинг ўзи етарлими?

 Йўқ. Тўғри, қутқарилиш учун Исога ишониш керак, лекин қилиш керак бўлган яна бир нарса бор. (Ҳаворийлар 16:30, 31) Муқаддас Китобда: «Руҳсиз тана ўлик бўлганидек, ишларсиз имон ҳам ўликдир»,— дейилган. (Ёқуб 2:26) Қутқарилиш учун қуйидагилар керак:

  •   Исо ва Унинг Отаси Яҳовани таниб-билиш лозим. (Юҳанно 17:3)

  •   Уларга нисбатан имонни кучайтириш даркор. (Юҳанно 12:44; 14:1)

  •   Амрларига итоатли бўлиб, имонимизни намоён этишимиз керак. (Луқо 6:46; 1 Юҳанно 2:17) Исо ўргатганидай, унга «Ҳазратим» деб мурожаат қилган ҳар ким эмас, осмондаги Отасининг «хоҳишини бажарган» кишиларгина қутқарилади. (Матто 7:21)

  •   Қийинчиликларга қарамай, имонни намоён этишда тўхтамаслик лозим. Исо: «Фақат охиригача чидаган қутулади»,— деб айтганда, буни таъкидлаган эди. (Матто 24:13)