Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

5- ҚИСМ

Аллоҳнинг гўзал сифатлари

Аллоҳнинг гўзал сифатлари

МУҚАДДАС КИТОБДА Аллоҳнинг кўпгина гўзал сифатлари баён этилган. Бу туфайли, биз Аллоҳни яхшироқ билиб олишимиз мумкин. Унинг тўртта асосий сифати — қудрат, адолат, ҳикмат ва муҳаббатдир. Келинг, ҳар бирини алоҳида кўриб чиқайлик.

Аллоҳ қудратлидир

Аллоҳнинг қудрати чексизлир

Тангри Яҳова Иброҳим Халилуллоҳга: «Мен Қодир Худоман»,— деб айтган (Ибтидо 17:1). Дарҳақиқат, Аллоҳ беқиёс, чексиз ва битмас-туганмас қудрат Эгасидир. Ўз қудрати билан Аллоҳ бутун оламни яратган.

Аллоҳ Ўз қудратини сира ҳам суиистеъмол қилмайди, аксинча уни ҳар доим бошқара олади ва аниқ бир мақсадда ишлатади. У Ўз қудратини адолат, ҳикмат ва муҳаббат билан мукаммал уйғунликда қўллайди.

Эгамиз Яҳова содиқ хизматчиларини қўллаб-қувватлаш учун Ўз қудратидан меҳр ила фойдаланади. Унинг Каломида: «Худованд Ўз халқига куч-қудрат ато этар, Худованд Ўз халқига баракаю осойиш бахш этар»,— дейилган (Забур 28:11). Сиз шундай қудратли ва ғамхўр Аллоҳ билан дўстлашишни хоҳламасмидингиз?

Аллоҳ адолатлидир

«Худованд адолатни севар» (Забур 36:28). Ўзининг мукаммал меъёрларига мувофиқ тарзда, У ҳамиша тўғрилик ва адолат билан йўл тутади.

Аллоҳ юзхотирчилик қилмайди

Аллоҳ адолатсизликдан нафратланади. Масалан, порахўрлик ҳақида Тавротда шундай амр берилган: «Пора олманглар. Пора туфайли кўзи очиқларнинг кўзини ёғ босади. Пора ҳар доим тўғри одамларнинг ишига зарар етказади» (Чиқиш 23:8). Эгамиз бошқаларга жабр қилганларга қарши чиқади ва ожизларни, жумладан «бевалар ва етимларни» ҳимоялайди (Чиқиш 22:22). Аллоҳ ҳамма одамларни бирдай кўради. Инжилда айтилишича: «Худо юзхотирчилик қилмас экан. Аммо Ундан қўрқиб, адолат билан йўл тутган ҳар бир кишини У миллатига қарамай қабул қиларкан» (Ҳаворийлар 10:34, 35).

Тангри Яҳованинг адолати мукаммалдир. У ҳеч қачон ўта мулойим ҳам, жуда қўрс ҳам бўлмайди. Аллоҳ тавба қилмаётган гуноҳкорларни жазолайди, ўз айбида иқрор бўлганларга эса меҳр-шафқатини намоён этади. «Худованд раҳмон ва меҳрибондир, жуда узоқ сабрли ва иноятлидир. У охиригача аразлаб юрмас, то абад дарғазаб ҳам бўлмас. Айбларимизга қараб бизга муомала қилмас, гуноҳларимизга яраша бизга жазо бермас» (Забур 102:8–10). Яна, Аллоҳ содиқ хизматчиларининг имон билан қилган ишларини ёдда сақлаб, уларни шунга яраша тақдирлайди. Наҳотки шундай адолатли Худо, ишончингизга сазовор бўлмаса-я?!

Аллоҳ ҳикматлидир

Муқаддас Китобда Худонинг донолиги ёзилган

Худованд Яҳова — ҳикмат манбаидир. Бу борада Инжилда шундай дейилган: «Оҳ, Худонинг бойлиги ҳамда донолигию билими қанчалик тубсиз-а!» (Римликларга 11:33). Унинг донолиги беқиёс ва бепоёндир.

Аллоҳнинг ҳикмати ижодларидан кўриниб туради. Сано бастакори ҳам қуйидагича айтган: «Эй Худованд, Сенинг ишларинг қанчалик кўпдир! Ҳаммасини ҳикмат билан яратгансан, ер Сенинг ижодларинг билан тўладир» (Забур 103:24).

Шунингдек, Аллоҳнинг ҳикмати Муқаддас Китобда ҳам акс эттирилган. Ҳазрати Довуд шундай ёзганди: «Худованд ваҳийси барқарордир, У содда одамга дониш беради» (Забур 18:8). Тасаввур қилинг-а, сиз ҳам чексиз доноликка эга бўлишингиз мумкин! Хўш, бундай имкониятдан фойдаланасизми?

«Аллоҳнинг Ўзи севгидир»

Тангри Яҳованинг асосий сифати муҳаббатдир. Инжилда: «Аллоҳнинг Ўзи севгидир»,— дейилган (1 Юҳанно 4:8). У ҳамма ишларини меҳр ила бажаради.

Аллоҳ бизга ўз севгисини турлича намоён этади. Муқаддас Китобда айтилишича, Худо «осмондан ёғингарчилик ва серҳосил мавсумлар бериб, ризқ-рўзингизни таъминлаб, юракларингизни бахт-саодатга тўлдириб, сизларга эзгулик қилиб келяпти» (Ҳаворийлар 14:17). Дарвоқе, «яхши ва мукаммал ҳадяларнинг барчаси юқоридан [Худодан] келади» (Ёқуб 1:17). Бундай бебаҳо неъматлардан бири — Муқаддас Китобдир. У орқали Аллоҳ бизга Ўзи тўғрисида ҳақиқатни ошкор этиб, қонун-қоидаларини ўргатяпти. Унинг қонун-қоидалари негизида эса муҳаббат бор. Исо алайҳиссалом ибодат қилаётиб: «Сенинг каломинг — ҳақиқатдир»,— деб айтганди (Юҳанно 17:17).

Аллоҳ яратган нарсалар инсонни ҳайратда қолдиради

Бундан ташқари, қийналиб қолганимизда Аллоҳ бизга мадад беради. Забур 54:23- оятида: «Ташвишингни Худовандга ташлаб кет, Унинг Ўзи сенга таянчиқ бўлур. Солиҳнинг йиқилишига У абадий йўл бермас»,— деб ёзилган. Аллоҳ гуноҳларимизни кечиради. Яна, Санолар китобида: «Сен мурувватли ва кечиримлисан, эй Худованд, барча Сени чақирганларга караминг чексиздир»,— дейилган (Забур 85:5). У бизга ҳатто абадий ҳаётни таклиф қиляпти. Инжилга кўра, «Худо уларнинг кўзидаги ҳар қандай ёшни артиб олади. Ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди» (Ваҳий 21:4). Аллоҳнинг муҳаббати сизга қандай таъсир қиляпти? Сиз ҳам Унга жавобан меҳр бергингиз келяптими?

Аллоҳга яқинлашинг

Ибодат қилиш ва Аллоҳнинг фазилатлари устида мулоҳаза юритиш сизни Унга яқинлаштиради

Аллоҳ, сиз Уни яхшироқ билиб олишингизни истайди. Унинг Каломида: «Аллоҳга яқинлашинглар, шунда У ҳам сизларга яқинлашади»,— деган ундов бор (Ёқуб 4:8). Худованд Ўзининг содиқ пайғамбари Иброҳимни «дўстим», деб атаган (Ишаё 41:8). Тангри Яҳова, сиз ҳам Унинг дўсти бўлишингизни хоҳлайди.

Аллоҳ ҳақида билим олганингиз сайин, Унга яқинлашиб, ўзингизни бахтиёр ҳис этасиз. Забур 1:1-, 2- оятларига биноан: «Саодатли одамдир у... Худованднинг Қонунидир унинг завқу орзуси, туну кун Тангри Қонуни ила банддир фикри-зикри». Шундай экан, Муқаддас Китобни ўрганишда давом этинг. Аллоҳнинг сифатларию ишлари тўғрисида фикрланг. Олган билимларингизни амалда қўллаш орқали, Аллоҳга бўлган севгингизни кўрсатинг. Инжилда айтилишича, «Аллоҳга бўлган севги Унинг амрларига риоя қилишдан иборатдир ва Унинг амрлари оғир эмас» (1 Юҳанно 5:3). Шу боис, сиз ҳам сано бастакори каби: «Эй Худованд, менга Ўз йўлингни кўрсатгин, Ўз йўриқларингни ўргатгин менга. Мени ҳақиқатинг йўлидан бошлагин»,— деб дуо қилинг (Забур 24:4, 5). Ўшанда, Аллоҳ «ҳар биримизга яқин» эканига ишонч ҳосил қиласиз (Ҳаворийлар 17:27).