Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Мен максималистманми?

Мен максималистманми?

Агар

  • ҳар бир имтиҳон учун энг аъло баҳодан камини олишни истамасангиз;

  • муваффақиятсизликка учрашдан қўрқиб, янги қийинчиликлардан қочсангиз;

  • барча танқидларни сизга нисбатан камситиш сифатида қабул қилсангиз;

... юқоридаги саволга «ҳа» деб жавоб берарсиз. Хўш, бу савол аслида муҳимми?

 Максималист бўлишнинг нимаси ёмон?

Қўлингиздан келганини қилишга интилишнинг ёмон жойи йўқ. Бир китобда айтилишича, «бирон нимани аъло даражада бажариш учун тўғри ниятлар ила интилиш ва имконсиз нарсага эришишга ҳаракат қилиш ўртасида катта фарқ бор. Максималист бўлиш оғир юк кабидир. Шуни тан олиш керакки, ҳеч ким мукаммал эмас». («Perfectionism — What’s Bad About Being Too Good?»)

Муқаддас Китобда бу фикр тасдиқланган. Воиз 7:20 да: «Ер юзида доимо яхшилик қилиб, ҳеч қачон гуноҳ қилмайдиган инсоннинг ўзи йўқдир»,— деб айтилган. Номукаммал экансиз, баъзида бирон нима сиз кутгандай аъло даражада чиқмаслиги мумкин.

Сиз учун буни тан олиш қийинми? Агар шундай бўлса, максималист бўлиш сизга салбий таъсир қилиши мумкинлигининг тўртта жиҳатини кўриб чиқинг.

  1.  Ўзингизга бўлган нуқтаи назарингиз. Максималист инсон ўзи учун юксак талаблар қўяди. Бу эса кўнгил тушишига олиб келади. «Очиғини айтганда, ҳамма ишимиз ҳам аъло даражада чиқмайди. Бундай вазиятларда ўзимизга паст баҳо бераверсак, ўзимизга бўлган ишонч йўқолади. Бу эса тушкунликка тушириши мумкин». (Алисия)

  2.  Маслаҳатга бўлган нуқтаи назарингиз. Максималист кишилар уларга берилган ўринли танқидни камситиш сифатида қабул қилишга мойил. «Хатоларимни айтишганда, ўзимни ёмон ҳис этаман. Максималист бўлиш имкониятларингиз чегараланганини тан олишингизга ва ёрдамни қабул қилишингизга тўсқинлик қилади»,— деб бўлишди 24 ёшли Жереми.

  3.  Бошқаларга бўлган нуқтаи назарингиз. Максималистлар кўпинча бошқаларга танқидий нуқтаи назарда бўлади ва бунинг сабабини тушуниш осон. Ёши 18 да бўлган Анна қуйидагича деди: «Максималист бўлсангиз, буни бошқалардан ҳам талаб қиласиз. Одамлар сиз қўйган талабларга мос келмаганда, доим кўнглингиз тушаверади».

  4.  Бошқаларнинг сизга бўлган нуқтаи назари. Бошқалар учун ноўрин юқори талаблар белгилаганингизда, одамлар ўзини сиздан олиб қочса, ҳайрон қолманг! «Максималист одамнинг юқори талаблари бўйича яшаш одамни чарчатади. Ким ҳам бундайлар орасида бўлишни истайди?!» — деб айтди 29 ёшли Бет.

 Сизга нима ёрдам бера олади?

Муқаддас Китобда: «Мулоҳазакор эканингиз ҳамма одамларга маълум бўлсин»,— дейилган. (Филиппиликларга 4:5) Мулоҳазакор одамлар ўзидан ва бошқалардан бирон нима кутганда, мувозанатли бўлишади.

«Шундоқ ҳам кўп босимга дуч келамиз. Максималист бўлиб, ортиқча босим ўтказишнинг нима кераги бор?! Бу жуда қийин!» (Найла)

Муқаддас Китобда: «Ўз ҳаддингни билиб Худога ҳамроҳ бўл!» — дейилган. (Михо 6:8, изоҳ) Ўз ҳаддини биладиган одамлар имкониятлари чегараланганини тушунади. Улар ортиқча юк олмайди; бирон вазифани бажариш учун керагидан ортиқ вақт сарфлашмайди.

«Масъулиятли вазифаларимни яхши бажаришни истасам, кучимдан ортиғини олмайман. Мен фақат шунчасини эплай оламан». (Хайли)

Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Қўлингдан қандай иш келса, уни жон-жаҳдинг билан бажар». (Воиз 9:10) Максималист бўлмаслик эринчоқ бўлиш дегани эмас; тиришқоқ бўлиш керак, аммо юқорида айтиб ўтилган мулоҳазакорлик ва ўз ҳаддини билиш каби фазилатларни ҳам ривожлантириш зарур.

«Ишимни иложи борича сифатли бажаришга ҳаракат қиламан. Биламан, уни мукаммал даражада қила олмайман, лекин боримни бериб, ҳаракат қилганимдан хурсанд бўламан». (Жошуа)