Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Ҳис-туйғуларимни қандай қилиб бошқара оламан?

Ҳис-туйғуларимни қандай қилиб бошқара оламан?

«Бир кун ўзимни зўр ҳис қиламан, бошқа кун эса бўшашиб ғамгин бўлиб юраман. Кеча арзимаган бир нарса, бугун жиддий муаммога айланади». (Карисса)

Сиз ҳам ўзингизни хушчақчақ, сал туриб эса хомуш ҳис этасизми? Буни ўнқир-чўнқир йўлдан кетишга ўхшатса бўлади a. Шундай бўлса, бу ердаги фикрлар сизга қўл келади.

 Нега бу юз беради?

Баданингиз балоғат ёшида ўзгараётганда, бир хушчақчақ, бир маъюс бўлиб қолишингиз табиий ҳол. Лекин ҳатто ўсмирлик даври ўтиб кетса-да, кайфиятингиз тез-тез ўзгариб туришидан ва ўзингиз ҳам кутмагандай бўлишидан ҳайрон қолаётгандирсиз.

Агар ҳиссиётларингиз шу тарзда ўйнаб туришидан уялаётган бўлсангиз, унутмангки, бу гормонларнинг ўзгараётгани натижасида ҳам бўлиши мумкин. Шунингдек, ўсиш жараёнига хос бўлганидек, ўзингизни ҳимоясиз ҳис этаётганингиз ва ўзингизга нисбатан ишончсизлик туфайли бўлиши ҳеч гап эмас. Сиз учун яхши хабар бор, ўзингизни тушуниб, туйғуларингизни назорат қилиш қўлингиздан келади.

Факт. Ёшликдан бошлаб туйғуларни жиловлашга ўрганиш ўта муҳим, чунки бу улғайганингизда ҳам жуда қўл келади.

Салбий туйғулар йўлдаги ўнқир-чўнқирликларга ўхшайди. Тажриба орттириб, бу йўлда ўзингизни анча-мунча дадилроқ ҳис этасиз ва чуқур ўнқир-чўнқирликлардан айланиб ўта оласиз

 Учта амалий маслаҳат

Гапиринг. Муқаддас Китобда: «Чин дўст ҳамма вақт севади, оғир дамда биродарига таянч бўлади»,— деб ёзилган. (Ҳикматлар 17:17)

«Ўз холамдек кўрадиган оиламиз дўсти бор. У мени доим тинглашга тайёр, унга бемалол туйғуларимни айта оламан. Нуқтаи назарим тўғри бўлганда, у мен билан фахрланади, агар нотўғри бўлса, энг аъло йўл билан мени тузата олади». (Ёланда)

Маслаҳат. Фақат тенгдошларингиз билангина дардлашманг, чунки улар ҳам ҳиссан курашаётгандир. Отангиз ё онангиз ёки сиз ишонадиган бошқа ёши катта киши билан ҳасратлашинг.

Ёзинг. Муқаддас Китобда роса сиқилаётган пайтда қуйидаги сўзларни айтган Аюб пайғамбар тилга олинган: «Ҳасратларимни тўкиб соламан, жоним азобда қолганидан гапираман!» (Аюб 10:1) Кимгадир гапиришдан ташқари, туйғуларингизни қаламга олсангиз ҳам бўлади.

«Ўзим билан доим ён дафтарчамни олиб юраман. Нимадандир сиқилаётган бўлсам, буни шу заҳоти ёзиб қўяман. Бу менга жуда кўп ёрдам беряпти». (Илиана)

Маслаҳат. Хотира дафтарини тутинг, унга туйғуларингизни, улар нега пайдо бўлганини ва қай йўсин уларни енга олишингиз мумкинлигини ёзинг. Бунда, ушбу мақолага келтирилган ўқув дафтари сизга қўл келади.

Ибодат қилинг. Муқаддас Китобда: «Ғам-ташвишингни Яҳовага ташла, Унинг Ўзи сенга таянч бўлади. Одил кишининг йиқилишига У асло йўл қўймайди»,— дейилган. (Забур 55:22)

«Руҳим тушганда Яҳовага тинмай ибодат қиламан. Кўнглимдагини бўшатгач, ўзимни доимо енгил ҳис этаман». (Жезмин)

Маслаҳат. Сизни қанчалар ғам-ғусса босаётган бўлса ҳам, миннатдорчиликни ҳис эта олиш учун ҳаётингиздан учта сабаб топинг. Яҳовага ибодат қилаётганда, Ундан ёрдам сўранг ва шу билан бирга, эга бўлган баракаларингиз учун ҳам раҳмат айтишни унутманг.

a Бу мақолада кўпинча анчагина ёшлар дуч келадиган ҳиссий кураш ҳақида гап боради. Агар депрессиянинг қайсидир турига ёки маниакал-депрессив психозга чалинган бўлсангиз «Депрессияни қандай қилиб енга оламан?» номли мақолага қаранг.