Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Ота-онамнинг ишончини қай йўсин қозона оламан?

Ота-онамнинг ишончини қай йўсин қозона оламан?

 Нимани билишингиз керак?

Сизга ишонишларини истасангиз, ишончли эканингизни исботланг. Ота-онангиз ўрнатган қоидаларга риоя қилишни қарз тўлаш билан солиштирса бўлади. Ота-онангизга бўйсунишга бурчлисиз ва «тўловларни» ўз вақтида тўласангиз, эҳтимол, улардан кўпроқ «кредит» (ёки эркинлик) оларсиз. Бошқа томондан, агар ишончни оқламасангиз, ота-онангиз «кредит миқдорини» камайтирса, ҳайрон бўлиб ўтирманг.

Ишонч қозониш учун вақт керак. Ота-онангиз сизга кўпроқ эркинлик беришини истасангиз, улар масъулиятли эканингизни кўришлари лозим.

ҲАЁТИЙ ВОҚЕА: «Ўсмирлик пайтимда ота-онам мендан нимани кутаётганини яхши билардим ва ўзимни улар истагандек йўл тутаётгандай кўрсатардим, аммо яширинча ўз билганимдан қолмасдим. Охир-оқибат, ота-онам менга ишонмай қўйди. Кейинчалик, бундай қилиш ярамайди, деган хулосага келдим. Кўпроқ эркинликка эришмоқчи бўлсангиз, айёрлик қилманг. Агар ишончга сазовор бўлишни истасангиз, шунга яраша йўл тутинг». (Крейг)

 Нима қила оласиз?

Бошингга қилич келса ҳам, тўғри сўзла. Ҳар биримиз хато қилиб турамиз, аммо ёлғон-яшиқ билан ўзингизни ҳимоя қилиб (ё қисман ҳақиқатни гапириб) ота-онангизнинг ишончини барбод қиласиз. Бошқа томондан, агар ҳамиша ростгўй бўлсангиз, ота-онангиз сизга ўз хатоларини тан ола биладиган етук инсон сифатида қарайди. Бундай инсонга ишонса бўлади.

«Хатоларга йўл қўйиш доим ҳам ишончни йўқотиш дегани эмас, аммо уларни яширишга ҳаракат қилсангиз, ишончни йўқотишингиз турган гап». (Анна)

Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ҳар нарсада ҳалол бўлишни истаймиз». (Ибронийларга 13:18)

  • Ўйлаб кўринг: ота-онангиз сиздан қаерга кетаётганингиз ва нималар қилмоқчи эканингизни сўраса, уларга бор ҳақиқатни айтасизми? Ёки ота-онангиз қаерга борганингиз ва нималар билан шуғулланганингиз ҳақида сўраса, улар билиши керак бўлган нарсаларни тўлиқ айтмай, баъзи тафсилотларни сир тутасизми?

Масъулиятли бўлинг. Уйингизда ўрнатилган тартиб-интизомга амал қилинг. Уй юмушларини дарҳол бажаринг. Ҳеч қаерга кечикиб борманг. Мактабдаги вазифаларингизга жиддий қаранг. Уйга вақтида келинг.

«Борди-ю, ота-онангиз сизга дўстларингиз билан сайр қилиб келишга рухсат бериб, соат тўққизда уйда бўлишингиз кераклигини айтса, бироқ сиз ўн яримда эшик остонасига кириб келсангиз, ўзингиз айбдорсиз — кейинги сафар сизга кимдир сайр қилишга рухсат беради, деб ўйламанг!» (Райан)

Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Зеро ҳар ким ўз аравасини ўзи тортади». (Галатияликларга 6:5)

  • Ўйлаб кўринг: уйга вақтида келасизми? Уйдаги масъулиятларингизга қандай қарайсиз? Оилангиздаги қоидаларга, айниқса, сиз унча хуш кўрмайдиганларига амал қиласизми?

Сабрли бўлинг. Ота-онангизнинг ишончини йўқотган бўлсангиз, уни қайтариш учун вақт керак. Кутишга тайёр туринг.

«Маълум ёшга етганимда ҳам, ота-онам менга кўпроқ эркинлик бермагани жаҳлимни чиқарарди. Катта бўлиш ва улғайиш ўртасида фарқ борлигини тушунмасдим. Ойим билан дадамдан уларнинг ишончини қозонишимга имкон беришларини сўрадим. Тўғри, бунга вақт керак бўлди, аммо бу самара бермай қолмади. Ишонч ёшга эмас, ишларга боғлиқ эканини англаб етдим». (Рейчел)

Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Қандай инсон эканингизни текшириб туринглар». (2 Коринфликларга 13:5)

  • Ўйлаб кўринг: ота-онангизнинг ишончини қозониш (ёки қайта қозониш) учун қандай инсон эканингизни текшириш мақсадида нималар қила оласиз?

МАСЛАҲАТ: вақтида келиш, вазифаларингизни бажариш, белгиланган вақтдан кеч қолмаслик ва бошқа масалаларда мақсад қўйинг. Ота-онангизга қарорингиз ҳақида айтинг ва ишончни қозониш учун улар сиздан нимани кутаётганини сўранг. Сўнг Муқаддас Китобдаги: «Аввалги турмуш тарзига хос бўлган эски ўзликни ечиб ташланглар»,— деган огоҳлантирувга амал қилиш учун жон куйдиринг. (Эфесликларга 4:22) Вақт ўтиб ота-онангиз ютуқларингизни кўради!