Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари нималарга ишонади?

Яҳованинг Шоҳидлари нималарга ишонади?

Яҳованинг Шоҳидлари Исо пайғамбарнинг таълимотларига амал қиламиз ва ҳаворийлар қилган ишларига тақлид қилишга интилишади. Бу мақолада асосий таълимотларимиз қисқача санаб ўтилган.

  1.   Худо. Биз барча нарсани яратган Қодир Тангри ҳақ Худога топинамиз. Аллоҳнинг исми Яҳова. (Забур 83:18; Ваҳий 4:11) У Иброҳим, Мусо ва Исо пайғамбарнинг Худосидир. (Чиқиш 3:6; 32:11; Юҳанно 20:17)

  2.   Муқаддас Китоб. Муқаддас Китобни Худонинг муқаддас руҳи таъсири остида инсонлар учун ёзилган китоб деб биламиз. (Юҳанно 17:17; 2 Тимўтийга 3:16) Эътиқодимиз «Эски аҳд» ва «Янги аҳд»дан иборат бўлган Муқаддас Ёзувлар таркибига кирган барча 66 та китобга асосланган. Жейсон Дейвид Бедун исмли илоҳиётшунос Яҳованинг Шоҳидлари тўғрисида шундай деб айтган: «Улар Муқаддас Китобда нима деб айтилганини олдиндан белгиламай, таълимотлари ва ишларини Муқаддас Китобнинг асл нусхасига асослашади» a.

     Биз тўлиқ Муқаддас Китобни тан олсак ҳам, у ерда ёзилганларни сўзма-сўз қабул қилмаймиз. Муқаддас Китобнинг айрим парчалари рамзий маънода ёзилганини тушунамиз. (Ваҳий 1:1)

  3.   Исо Масиҳ. Биз Исо Масиҳнинг таълимотларига амал қилиб, ўрнагига тақлид қиламиз ва уни Нажоткоримиз ҳамда Худонинг Ўғли сифатида ҳурмат қиламиз. (Матто 20:28; Ҳаворийлар 5:31) Шунинг учун ўзимизни унинг издошлари, масиҳий деб ҳисоблаймиз. (Ҳаворийлар 11:26) Бироқ Муқаддас Китобдан у Қодир Тангри эмаслигини ва учлик ҳақидаги таълимот Муқаддас Ёзувларга асосланмаслигини билиб олдик. (Юҳанно 14:28)

  4.   Худонинг Шоҳлиги. Бу Шоҳлик одамнинг қалбида эмас, у осмондаги мавжуд бўлган ҳукумат. У инсон ҳукуматларининг барини йўқ қилиб, Худонинг ерга нисбатан мақсадини амалга оширади. (Дониёр 2:44; Матто 6:9, 10) Худонинг Шоҳлиги буни яқинда рўёбга чиқаради, чунки Муқаддас Китобдаги башоратга кўра, биз «охирзамонда» яшаяпмиз. (2 Тимўтийга 3:1–5; Матто 24:3–14)

     Исо Масиҳ Худонинг осмондаги Шоҳлигида Шоҳ. У 1914 йили шоҳлик қилишни бошлаган. (Ваҳий 11:15)

  5.   Нажот. Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлиги туфайли гуноҳ ва ўлимдан халос бўлиш мумкин. (Матто 20:28; Ҳаворийлар 4:12) Бу тўловдан фойда олиш учун одамлар нафақат Исо Масиҳга ишонишлари, балки ҳаёт тарзини ўзгартириб, сувга чўмишлари лозим. (Матто 28:19, 20; Юҳанно 3:16; Ҳаворийлар 3:19, 20) Ҳақиқий имон инсоннинг ишлари орқали кўринади. (Ёқуб 2:24, 26) Аммо бу нажотга, унга сазовор бўлганимиз учун эмас, фақат «Аллоҳнинг инояти» туфайли эга бўла оламиз. (Галатияликларга 2:16, 21)

  6.   Осмон. Тангри Яҳова, Исо Масиҳ ва садоқатли фаришталар осмонда яшайди b. (Забур 103:19–21; Ҳаворийлар 7:55) 144 000 киши ҳам Худонинг Шоҳлигида Исо Масиҳ билан бирга ҳукм суриш учун тирилтирилади. (Дониёр 7:27; 2 Тимўтийга 2:12; Ваҳий 5:9, 10; 14:1, 3)

  7.   Ер юзи. Аллоҳ ерни инсонлар абадий яшаши учун яратган. (Забур 104:5; 115:16; Воиз 1:4) Худо итоатли одамларга мукаммал соғлик ва ер юзидаги абадий ҳаётни ато этади. (Забур 37:11, 34)

  8.   Ёвузлик ва азоб-уқубатлар. Бир фаришта Худога қарши чиққанидан бери ёвузлик ва азоб-уқубатлар мавжуд. (Юҳанно 8:44) «Шайтон» ва «Иблис» деб аталадиган бу исёнкор шахс Одамато билан Момоҳавони унга қўшилишга ундаган. Бунинг оқибати уларнинг авлодларига таъсир қилган. (Ибтидо 3:1–6; Римликларга 5:12) Шайтон кўтарган масалаларни ҳал қилиш учун, Худо ёвузлик ва азоблар бўлишига йўл қўйган, лекин улар абадий давом этишига У йўл қўймайди.

  9.   Ўлим. Ўлган одамлар ҳеч нарсани билмайди. (Забур 146:4; Воиз 9:5, 10) Улар оташли дўзахда азоб чекмайди.

     Худо миллиардлаб инсонларни ҳаётга қайтаради. (Ҳаворийлар 24:15) Бироқ тирилтирилгач, Худонинг меъёрларини билишдан бош тортган киши биратўла йўқ бўлиб кетади. (Ваҳий 20:14, 15)

  10.   Оила. Биз Аллоҳ никоҳ учун илк бор ўрнатган меъёрни, яъни битта эркак киши битта аёл киши билан турмуш қуриши кераклигини ва ажрашиш учун фақат битта сабаб, жинсий ахлоқсизлик эканини тан оламиз. (Матто 19:4–9) Муқаддас Китобдаги доно маслаҳатлар туфайли оилалар муваффақиятли бўлишига ишонамиз. (Эфесликларга 5:22–6:1)

  11.   Топинишимиз. Хоч ва бошқа тасвирлардан фойдаланмаймиз. (Қонунлар 4:15–19; 1 Юҳанно 5:21) Қуйида топинишимизнинг асосий омиллари келтирилган:

  12.   Ташкилотимиз. Ташкилотимиз кўпгина жамоатлардан ташкил топган ва ҳар бир жамоат учун оқсоқоллар кенгаши ғамхўрлик қилади. Лекин улар руҳонийлар табақаси деб ҳисобланмайди ва хизмати учун уларга пул тўланмайди. (Матто 10:8; 23:8) Биз ушр тўламаймиз ва йиғилишларимизда ҳеч ким пул йиғмайди. (2 Коринфликларга 9:7) Фаолиятимиз хайр-эҳсон эвазига қопланади.

     Халқаро бош идорада хизмат қиладиган Етакчи кенгаш, маънан етук масиҳийларнинг кичик гуруҳи бутун дунё бўйлаб Яҳованинг Шоҳидларига йўл-йўриқ тақдим этади. (Матто 24:45)

  13.   Бирлигимиз. Бутун дунё бўйлаб бир хил таълимотларга ишонамиз. (1 Коринфликларга 1:10) Шунингдек, орамизда ижтимоий, ирқий, миллий ёки табақали бўлинишлар бўлмаслигига ҳаракат қиламиз. (Ҳаворийлар 10:34, 35; Ёқуб 2:4) Якдилмиз, лекин шахсий танловга ҳам эгамиз. Ҳар бир Яҳованинг Шоҳиди Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждонига яраша қарорлар чиқаради. (Римликларга 14:1–4; Ибронийларга 5:14)

  14.   Хулқ-атворимиз. Юриш-туришимизда беғараз севгини намоён этишга интиламиз. (Юҳанно 13:34, 35) Худони ранжитадиган ишлардан, жумладан, Муқаддас Китобга зид бўлгани учун қон қуйишдан бош тортамиз. (Ҳаворийлар 15:28, 29; Галатияликларга 5:19–21) Тинчликка интиламиз ва урушларда қатнашмаймиз. (Матто 5:9; Ишаё 2:4) Яшаётган мамлакат ҳукуматини ҳурмат қилиб, Худонинг меъёрларига зид бўлмаган қонунларига бўйсунамиз. (Матто 22:21; Ҳаворийлар 5:29)

  15.   Бошқалар билан бўлган муносабатларимиз. Исо: «Яқинингизни ўзингизни севгандай севинг»,— деган. Қолаверса, у масиҳийлар «дунёга тегишли эмас» деб айтган. (Матто 22:39; Юҳанно 17:16) Шунинг учун, ҳаммага яхшилик қилишга уринамиз, бироқ шу билан бирга сиёсий масалаларда бетарафликни сақлаб, бошқа динларнинг ишига аралашмаймиз. (Галатияликларга 6:10; 2 Коринфликларга 6:14) Лекин бу масалаларда бошқалар чиқарган қарорни ҳурмат қиламиз. (Римликларга 14:12)

 Яҳованинг Шоҳидлари нималарга ишониши ҳақида саволларингиз бўлса, сайтимизда, филиалларимиз бирида, сизга яқин бўлган Йиғилиш залида ёки Яҳова Шоҳидларининг бири билан суҳбатлашиб кўпроқ маълумот олишингиз мумкин.

a «Truth in Translation», 165- саҳ. қаранг.

b Худога қарши чиққан фаришталар руҳий шахслар, лекин улар осмондан улоқтирилган. (Ваҳий 12:7–9)